Ёзувимизга баъзи ўзгаришлар кирганини тўғри тушуниш муҳим. Алифбомизга бундай ўзгаришларни киритиш ҳақидаги қонун керак пайтда қабул қилинди. Бу техник ўзгариш эмас, катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга тарихий заруриятдир. Ёзув халқнинг энг муҳим маънавий қудратларидан бири, у авлодларни боғлайди, тилнинг келажагини белгилайди.
Бугун давлат хизматлари, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт шиддат билан рақамлашмоқда. Одамлар ҳужжатларни онлайн расмийлаштиради, ахборотни қидирув тизимларидан излайди, маълумотлар манбаларидан фойдаланади. Баъзи мураккаб белгилар сабабли ўзбек тили бу жараёнларда муайян техник тўсиқларга дуч келаётган эди.
Алифбонинг халқаро Unicode стандартига тўлиқ мослаштирилиши она тилимизнинг рақамли жараёнларга интеграция тезлигини кескин оширади. Смартфонлар ва компьютерларда ягона клавиатура стандарти яратилади. Шунда матн қайси қурилмада ёзилса ҳам – фарқи йўқ – бир хил кўринади ва ўқилади.
Янги, замонавий ва қулай алифбо ўзбек тилининг халқаро даражага чиқишига ҳам кенг йўл очади. Дунё ҳамжамияти, хорижлик инвесторлар ва тилимизни ўрганувчилар учун ўзбек лотин ёзуви тушунарли кўринишга келади. Бизнинг тилимизни ўрганиш осонлашади, шунга яраша қизиқиш ҳам кўпаяди.
Халқ демократик партияси мамлакатимизнинг ижтимоий барқарорлиги, интеллектуал салоҳияти ва сиёсий нуфузини оширишга хизмат қиладиган керакли ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди.
Тўлқин Тўрахонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
раис ўринбосари.