Ўзбекистон ХДП фракциясида Бюджет ижроси муҳокама қилинди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил I ярим йиллик ижроси, судьяларнинг мақоми ҳамда ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар, кун тартибидан ўрин олган биринчи масала – Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил I ярим йилликдаги ижросига оид Ҳукумат ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган олти ойида асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижобий натижаларга эришилган.

Хусусан, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ишлар натижасида ялпи ички маҳсулот 8,5 фоизга етиб, 1 072,7 трлн сўмга етган.

Шунингдек, 2026 йилнинг I ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63,2 трлн сўм ёки 43,8 фоизга кўп бўлган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳага ажратмаларнинг улуши 51,5 фоизни ташкил этган бўлиб, бундай динамика давлатнинг аҳоли турмуш даражасини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа ижтимоий хизматлар сифатини яхшилашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари партия Сайловолди дастури ва сиёсий ғоялари билан бевосита боғлиқ бўлган ушбу соҳаларда амалга оширилган ишлар натижадорлигига жиддий эътибор қаратиб, Ҳукумат вакилларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Жумладан, депутат Ш. Аҳмедов мактабгача ва мактаб таълими тизими мутасаддиларидан мактабларда дарсликларни янгилаш ҳамда янги ўқув йилида ўқувчиларнинг дарслик билан таъминланиш ҳолати қандайлиги ҳақида атрофлича маълумот беришини сўради.

Фракция аъзоси Қ. Қосимова соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалага аҳамият қаратди. Жумладан, онкология, кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини таъминлаш ҳамда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш каби тиббиётнинг энг жиддий йўналишларига ажратилган маблағларни ўзлаштириш даражаси паст эканлигининг сабабларига қизиқди.

Депутатларнинг ҳар бир саволига Ҳукумат вакилларининг жавоблари тинглангач, Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил I ярим йилликдаги ижросига оид Ҳукумат ҳисоботидаги айрим камчиликларни бартараф этиш ва ажратилган маблағларни соҳаларга тизимли йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, фракция аъзолари “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилишди.

Муҳокамалар давомида фракция аъзоси А.Темиров профилактика ва йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг ҳуқуқбузарлик содир этилганда кўрадиган таъсир чоралари қай даражада аниқлиги ёхуд профилактика инспектори назорат олиб борадиган ҳудудда бир вақтнинг ўзида иккита ҳуқуқбузарлик содир этилганда қандай йўл тутилиши кўзда тутилаётганига қизиқди.

Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳамда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш