
Маҳалла нафақат ҳудудий бошқарув шакли, балки аҳолининг кундалик ҳаёти, муаммолари ва орзу-умидлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган ноёб ижтимоий институт ҳисобланади. У ватан ичра кичик ватан, аждодларимизнинг юксак тафаккурини, урф-одатлар ва анъаналарини ўзида мужассам этган маскан ҳамдир.
Сўнгги йилларда Президент раҳбарлигида соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида у ҳаётимизга дахлдор бўлган барча масалаларни ҳал этишда халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилмага айланди.
Хусусан, маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилгани, зарур шароитлар, ресурс ва ваколатлар берилгани бугун барча масалаларни шу ернинг ўзида ҳал этиш имконини берди.
Давлат раҳбари раислигида маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу тизимни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар том маънода унинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада оширади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда маҳаллалардаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўринларини яратиш учун барча шароитлар яратилмоқда. Айниқса, маҳаллаларга банкир ва солиқчилар бириктирилиб, инфратузилмани яхшилаш учун алоҳида маблағлар ажратилаётгани юқори самара бераётир. Бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ижобий натижаларга эришаётган маҳаллаларимиз ҳам кўп.
Бироқ айрим маҳаллаларда ягона жамоа бўлиб ишлаш, мавжуд ресурслардан тўлиқ фойдаланиш борасида айрим муаммолар кузатилаётгани бу борада зарур чоралар кўришни тақозо этади. Шу сабабли йиғилишда Норин туманидаги “Шўрариқ” маҳалласини барча вилоят ҳокимлари, республика, вилоят, туман раҳбарлари ва “еттилик” учун кўзгу, сифат ва компетенцияни оширишга ундовчи омил сифатида кўрсатиб ўтилди.
Ушбу маҳалла тажрибасини алоҳида тилга олиниши бежиз эмас. Чунки маҳалладаги ҳар бир имкониятни аниқлаб, уни истиқболли лойиҳага айлантириш, иш ўринларини яратиш ва аҳолининг даромадини оширишга қаратилган аниқ режалар ишлаб чиқилган. Банкир ва солиқчиларнинг кўмаги, ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланиш, инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали Шўрариқ маҳалласи қисқа вақт ичида сезиларли натижаларга эришди.
Мазкур маҳалла тажрибасини ўрганиш ва ўз ҳудудида қўллаш орқали бошқа маҳаллалар ҳам иқтисодий ривожланиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга эришиши мумкин. Ўтган ҳафта имзоланган туман, шаҳар ва маҳаллаларни намунали ҳудудга айлантиришга қаратилган Президент қарорига мувофиқ, мамлакатимизда Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туман, 330 та оғир маҳалла белгилаб олинди.
Мазкур ҳужжат ижтимоий-иқтисодий ривожланишда ортда қолаётган ҳудудларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилгани билан диққатга сазовор. Ажратилаётган маблағлар йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, канализация тизимларини модернизация қилиш, мактаблар, шифохоналар, маданият марказлари ва спорт майдончаларини қуриш ва таъмирлаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлашга сарфланиши билан аҳамиятлидир.
Белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида ортда қолаётган ҳудудларнинг ривожланиши тезлашади, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб, янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, камбағаллик даражаси қисқариб, инфратузилма модернизация қилинади.
Афсуски, маҳалла банкирлари, ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан микролойиҳа қилиши учун уларга жорий йилда 6,5 триллион сўм ресурс берилганига қарамай, ҳамма ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги” ҳам бир хил ишламаётир. Ҳудудлардаги 2 минг 356 та маҳаллада эса ҳали ихтисослашув даражаси анча паст.
Йиғилишда мутасаддиларга барча маҳаллада ихтисослашувни охирига етказиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб, уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ ихтисослигини белгилаш, камида 200 минг аҳолини банд қиладиган микролойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Келгуси йилдан мева-сабзавотга ихтисослашган 2 минг 682 та маҳаллага саноат олиб кириш учун имтиёзли ресурслар, аввало, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаларига тақдим этилиши, Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ берилиши, маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилиши мутлақо тўғри ва оқилона қарор бўлди, деб ўйлайман. Чунки бу орқали маҳаллаларнинг молиявий мустақиллиги таъминланиб, маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланади ва аҳолининг турмуш даражаси ошади.
Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган залворли вазифалар депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Биз халқ вакиллари маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишимиз ва уларнинг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишимиз лозим бўлади.
Анваржон НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.