Партиямиз Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Чилонзор туманидаги “Дўмбиробод”, “Гавҳар”, “Чўпон ота” ва “Чархкамолон” маҳаллаларида болалар ўйингоҳлари, спорт иншоотлари ҳамда нуронийлар учун мўлжалланган соғломлаштириш масканларининг бугунги ҳолати манзилли ўрганилди.
Сайловолди дастуримизда “Ҳар бир маҳаллада соғлом турмуш тарзига хизмат қилувчи қулай ижтимоий инфратузилмани яратиш — давлат ва жамиятнинг умумий вазифаси” деб белгиланган. Шу мақсадда ўрганишлар жараёнида аҳолининг реал эҳтиёжлари, болалар ўйингоҳларининг техник ва хавфсизлик ҳолати, спорт иншоотларининг фойдаланиш даражаси ҳамда кексалар учун соғломлаштириш масканларининг шароитлари атрофлича таҳлил қилинди.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, кўплаб ҳудудлардаги ўйингоҳлар таъмирталаб аҳволда. Жумладан, “Дўмбиробод” ва “Гавҳар” маҳаллаларида жойлашган майдончаларнинг аксарияти 20–30 йилдан буён қайта таъмирланмаган. Спорт ва соғломлаштириш жиҳозларнинг металл қисмлари занглаган, ўйин майдончаларининг қопламалари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бу эса болалар хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдиради.
Вакилларимиз мазкур масалаларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида депутатлик сўровлари киритиш ва жамоатчилик эшитувини ўтказишга қарор қилинди.