Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан жойларда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлиги мунтазам ўрганилиб, натижалари таҳлил этиб бориляпти. Жумладан, куни кеча Сирдарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида таҳлилий ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишлар давомида вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида аниқ режа ишлаб чиқилгани ва у 6 та йўналиш бўйича амалга оширилаётгани маълум бўлди. 2025 йилнинг орта қолган 9 ойи давомида вилоятда 98 847 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режа қилинган бўлиб, амалда 109 430 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Бу режа 110 фоизга бажарилганини англатади.
Шу билан бирга, ўрганишлар давомида бир қатор муаммолар ҳам аниқланди. Хусусан;
Меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф ўртасида номутаносиблик мавжуд. Яъни, вилоятда иш қидираётган фуқароларнинг малакаси иш берувчилар талаб қилаётган касблардан фарқ қилмоқда. Бунда касб-ҳунар ўқув муассасаларида таълим берилаётган йўналишлар меҳнат бозори эҳтиёжларига тўлиқ мос келмаётгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, иқтисодий фаоллик паст бўлган ҳудудларда иш ўринлари етишмаслиги, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари тўлиқ ишга солинмаётгани кузатилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида касбий малака ва кўникмаларнинг пастлиги, айниқса, қишлоқ ҳудудларида яшовчи ёшлар ва хотин-қизлар замонавий меҳнат бозори талаб қиладиган касб ва кўникмаларга етарлича эга эмас. Рақамли кўникмаларнинг етишмаслиги ҳам ишга жойлашиш имкониятларини чеклаётгани аниқланди.
Хулоса қилиб айтганда, Сирдарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муайян ютуқларга эришилган. Бу катта натижа. Лекин шу билан бирга ўрганишлар соҳада муаммолар борлигини, уларни бартараф этишда мутахассислар иштирокида тизимли чора-тадбирлар, манзилли ёндашувларга эҳтиёж сезилаётганини ҳам кўрсатмоқда.