
Конституциямизнинг 57-моддасига кўра, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.
Дарҳақиқат, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб қувватлаш жуда муҳим ва ижтимоий масъулиятдир.
Афсуски, ногиронлиги бўлган шахслар ишлаш, таълим даражасини ошириш ва жамият ҳаётида иштирок этиш имкониятидан ҳали ҳануз тўлақонли фойдалана олмаётган ҳолатлар бор. Демак, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги масъулият ҳам шунга мос бўлиши зарур.
Халқ депутатлари Наманган туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари туманда ногиронлиги бор шахсларни жамиятга интеграция қилиш, уларга тўсиқсиз муҳит яратиш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганди. Дастлаб партия гуруҳида муҳокама қилинган масала сессияга киритилди ва ўрганиш натижалари юзасидан партия гуруҳи аъзоси Гулҳаё Отамирзаева ахборот берди.
Гулҳаё ОТАМИРЗАЕВА,
Наманган туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:
— Партиямиз дастурида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, тўлақонли ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар ҳамда тўсиқсиз муҳит яратишга оид ғоялар илгари сурилган. Бу борадаги вазифалар ижросини назорат қилиш эса депутатлар ҳамда партия фаолларига катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, тизимли таҳлилий ўрганишлар ўтказяпмиз.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига туманда ногиронлиги бўлган шахслар 4458 нафарни ташкил этади, уларнинг 1969 нафари аёллар, 2489 нафари эркаклардан иборат. 2024 йил ва 2025 йилнинг 8 ойи давомида 690 нафар ногиронлиги бўлган шахслар реабилитациянинг техник воситалари ҳамда 160 нафари протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган.
“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар талабларидан келиб чиқиб, 2025 йилда ногиронлиги бўлган шахслар учун захираланган иш ўринлари 66 тани ташкил этади. Бироқ жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 2 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланган ва бу белгиланган режанинг 3 фоизини ташкил этмоқда. Ваҳоланки, бу иш ўринлари ортида фуқароларнинг ҳуқуқлари турибди. Агар улар иш билан таъминланса, ўзига ва оиласигагина эмас, жамиятга ҳам бирдек манфаатли бўлади. Ногиронлар жамияти туман бўлимидан олинган маълумотларга кўра, 217 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ишлаш истагини билдирган. Уларнинг бандлигини таъминлаш айни пайтда долзарб масала бўлиб турибди.
Умиджон СОЛИЕВ,
ЎзХДП Наманган туман кенгаши раиси,
халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
— Бугун ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабат тубдан ўзгарди. Муҳими, тўсиқсиз муҳит тушунчаси босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Айни пайтда иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, таълимнинг барча босқичларига қамраб олиш борасида ҳам салмоқли илгарилаш кузатилмоқда. Аммо бу муаммоларга барҳам берилди дегани эмас.
Жамиятдаги қарашларнинг ўзгариши бевосита ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзига ҳам боғлиқдир. Ҳаётини ўзгартириш, ўз устида ишлаш, меҳнат қилиш истагига эга бўлган фуқаролар учун эса имконият ва имтиёзлар етарли, назаримда.
Мисол учун, “Паст қиёт” маҳалласида яшовчи Дилнавоз Боқижонова сумкалар ва бошқа аксессуарлар тайёрлаб, бозорга тақдим этмоқда. “Хонобод” маҳалласида яшовчи Хуршида Эгамбердиева эса қолдиқ матолардан турли гуллар ва рўзғор буюмлари ясаётганини кўрдик. Депутатлар ва мутасаддилар бу каби фаолият турларини ривожлантириш ва маҳсулотларни сотишда амалий кўмак кўрсатишимиз керак, деб ҳисоблайман.
Жумладан, қўл меҳнати асосида маҳсулотни доимий харидорларга йўналтириш мумкин. Натижада фуқаронинг даромади ошади. Иш ҳажмининг ортиши эса янги қўлларга эҳтиёж бор дегани. Шу нуқтада устоз-шогирд анъаналари асосида ишсиз ёшларни жалб этиш ҳамда бандлигини таъминлаш чораси асқатади. Намунали ҳунармандларга маҳаллий ҳокимият билан келишган ҳолда қўшимча имтиёзлар ёки рағбатлар ҳам кўрсатиш мумкин. Бу меҳнатга бўлган иштиёқни оширишга хизмат қилади.
Муҳокамаларда Ногиронлар жамиятининг моддий-техника базаси, яратилган шароитлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилди. Ўрганиш жараёнида жамият ўз фаолиятини самарали юритиши учун хона ва жиҳозлар етишмовчилиги аниқланди.
Шунингдек, Тошбулоқ шаҳарчасидаги 22 та ижтимоий объектдаги пандусларнинг шаҳарсозлик меъёрлари қоидаларига мувофиқлик ҳолати ўрганилганда айримлари белгиланган талабга жавоб бермаслиги, 4 та ташкилот биносида умуман пандус йўқлиги маълум бўлди. Мисол учун, туман ДСЭНМ биносида, ирригация бўлимида, 30-сонли дорихона биносида, почта алоқа бўлинмаси, камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиёт бўлими ва солиқ инспекцияси биноларида пандуслар нишаблиги белгиланган меъёрдан баланд қияликда қурилган.
Бундан ташқари, “Қоратепа” ва “Тепақўрғон” МФйлар, Тошбулоқ шаҳарчаси ҳудудидаги 12 та бекатнинг 11 тасида пандус мавжуд эмас. Айрим бекатлар тадбиркорлар томонидан турли маҳсулотлар билан тўлдирилган бўлиб, йўловчи учун шароит қолдирилмаган. Ҳар бир бекатга ҳеч бўлмаганда йиғма пандуслар ўрнатишни тавсия қилдик.
Сессияда партия гуруҳи томонидан ўрганилган масалаларга оид таклиф ва тавсиялар берилди. Муҳокамалар якунида тегишли қарорлар қабул қилинди ва масалага алоқадор ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 1.10.2025, №39