Тақиқлаш эмас, қўллаб-қувватлаш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ
Тақиқлаш эмас, қўллаб-қувватлаш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ

 

Жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши ҳақидаги хабар жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига, турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, ҳозир 130 минг нафарга яқин ёшлар курьерлик хизмати билан банд. Бу фақат велосипед, мопед ва скутерлар орқали хизмат кўрсатаётган фуқаролардир.

Камбағалликни қисқартириш, битта барқарор иш ўрни яратиш учун кўплаб чоралар кўрилаётган ҳозирги муҳим даврда ўзини ўзи банд қилган, халқимизга хизмат қилаётган юртдошларимиздан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинаётган вақт, албатта, қисқа ҳисобланади. Тўғри, бу борада ҳукумат томонидан муддатлар узайтирилган, бироқ талабгорларнинг жуда ҳам кўп бўлган миқдорини инобатга олиб, бу даврда ҳужжат талаб қилиш мақсадга мувофиқлигини яна бир бор ўйлаб кўриш лозим. Боиси, мазкур соҳада хизмат қилаётган кўплаб фуқаролар боқимандалик кайфиятига берилмасдан, кимдандир ёрдам кутмасдан, даромад топишга, молиявий муаммоларини ўзи ҳал қилишга интилмоқда.

Жорий этилиши кутилаётган тартибга кўра, бир кунда юз минглаб ёшлар даромад манбаисиз, ишсиз қолиши мумкинлиги ҳақида ўйласак, масаланинг қанчалик чуқур ва кенг экани равшанроқ бўлади.

Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли курашаётган, ўзини ўзи банд қилганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Шундай даврда асл мақсади оиласига, жамиятга хизмат қилиш бўлган ҳамюртларимизни мураккаб вазиятга туширишдан йироқ бўлиш ҳамда уларга имкон қадар енгиллик яратиш, муаммони ҳал қилишнинг инновацион, одамларга қийинчилик туғдирмайдиган йўллари ҳақида ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ.

Шу боис, жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши муддатини кейинги йилга қолдирган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ижтимоий-иқтисодий аҳамияти жуда юқори бўлган масала бўйича давлатимиз сиёсатига муносиб ечим топилишини сўраймиз ва бу борада тегишли тартибда депутатлик сўровини киритамиз.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш