Муҳандислар янгиликка интилиб яшайди
Муҳандислар янгиликка интилиб яшайди

 

Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида соҳа вакиллари, фидойилари билан ўтказилган самимий мулоқот, унда айтилган янгиликлар, билдирилган фикр-мулоҳазалар билим ва маърифат қанчалик муҳим эканининг исботи бўлди.

Юртимизда илм-маърифат ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир фуқарога илҳом ва ишонч бағишлайди. Кейинги йилларда олий таълим қамрови мисли кўрилмаган даражада кенгайди, аввал фаолият кўрсатган 77 та олийгоҳ ўқув юртларининг сони ҳозирда 202 тани ташкил этмоқда. Талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллион нафарга етди.

Мазкур кўрсаткичлар халқимизда, айниқса, ёшларимизда билимга бўлган иштиёқ қай даражада кучайганини яққол намоён қилди. Талаба-ёшларни билим олиш имкониятларини кенгайтириш, соҳада халқаро тажрибаларни жорий қилиш, таълим жараёнига замонавий технологияларни татбиқ этиш натижасида жамият тараққиётида сезиларли қадамлар қўйилмоқда.

Бу жараёнда энг муҳим омиллардан бири – ўқитувчилар билан яқин мулоқотдир. Чунки, ўқитувчи ва талабанинг самимий муносабати, тажриба ва билим алмашинуви олий таълим сифатини оширишда беқиёс аҳамиятга эга. Бугунги давр – янги индустриал тараққиёт даври, яъни “тўртинчи саноат инқилоби” ҳисобланади.

Дунёда инновация ва рақамли технологиялар билан бир қаторда, қимматбаҳо минераллар – вольфрам, молибден, рух ва титанга бўлган талаб жадал ўсмоқда. Таҳлилларга кўра, ушбу захираларнинг 10-15 фоизи айнан бизнинг минтақамизда мавжуд экани айтилди. Бу Ўзбекистон учун катта имконият, шу билан бирга, масъулият ҳамдир.

Зеро, бу улкан бойликларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун илм, билим ва инновация зарур. Шу мақсадда илм-фан ва бизнес вакилларини яқинлаштирадиган, уларнинг манфаатли ҳамкорлигини таъминлайдиган янги тизим яратилаётгани муҳим қадамдир.

Ихтирочиларнинг тажриба-синов ишлари харажатларини қоплаш учун қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши эса амалий қўллаб-қувватлашнинг ёрқин намунасидир. Мисол учун, инновацион ғоялар асосида ишлаб чиқарилаётган янги технологиялар, энергия тежамкор тизимлар, рақамли иқтисодиёт учун мос дастурий таъминот – буларнинг барчаси мамлакат иқтисодий салоҳиятини ошириб, ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Шу жиҳатдан муҳандис-ихтирочилар фаолияти – келажак тараққиётининг асосий таянчи сифатида қаралиши лозим. Яқинда ихтирочилар ўртасида ўтказилган йирик танлов натижалари ҳам ёшларимиздаги салоҳият ва иқтидорни кўрсатди. Танлов ғолибларига электромобиль тақдим этилди, иккинчи ўрин соҳиблари хорижий стажировкага юборилади, учинчи ўрин эгаларининг меҳнати эса пул мукофотлари билан қадрланди. Бу эътироф ва рағбатлар ҳар бир ёш ихтирочини янги изланишларга чорлайди.

Энг муҳими, эндиликда бундай танловлар олий таълимнинг ҳар бир йўналишида, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида ҳам ўтказилиши маълум қилинди. Бу эса мамлакатимиздаги илмга қизиққан ҳар бир инсон учун янги имконият эшигини очади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, муҳандис-ихтирочилар – бугунги замоннинг энг қимматли интеллектуал бойлиги саналади. Улар яратган янгиликлар ва амалий ечимлар нафақат иқтисодий ривожланишга, балки мамлакатнинг келажакдаги нуфузига ҳам хизмат қилади. Бугунги рақобатчан дунёда фан ва техника тараққиётида ортда қолмаслик, балки пешқадам бўлиш учун муҳандислик соҳасига катта эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, юртимиз олий таълим муассасалари дунёдаги энг нуфузли университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўяётгани, шу сафда бўлишга интилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети жаҳондаги ТОП-500 та билим даргоҳидан бирига айлангани ислоҳотларнинг амалий бир натижаси десак, тўғри бўлади.

Ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотда фикр билдирган шу университет вакили, ёш олим яратган муҳандислик технологияси бирламчи ва иккиламчи истеъмол учун тоза сув етказиб беришда янги имкониятлар яратганини фахрланиб гапирди. Бу ускуна нафақат юртимиз, балки АҚШнинг Юта штатида ҳам фойдаланилаётгани билим ва ихтироларни рағбатлантириш қанчалик муҳимлиги, катта ижтимоий-иқтисодий қулайликлар яратишини кўрсатиб турибди.

Эртанги кун тараққиёти билимли, инновацион фикрлай оладиган авлод қўлида. Бизда бой табиий ресурслар, салоҳиятли ёшлар ва уларга кенг имконият яратаётган давлат сиёсати мавжуд. Галдаги энг асосий вазифа – ана шу имкониятларни тўлақонли ишга солиш, изланишдан тўхтамаслик ва янгилик яратишдан чарчамасликдир.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш