Қашқадарё вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ҳисоботини тинглади

 

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет,тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2025-2026 ўқув йилига кенг қамровли тайёргарлик масалалари ҳақида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи У.Ориповнинг ахбороти тингланди.

Бугунги кунда вилоятда 5 730 та таълим ташкилоти фаолият юритаётгани, шундан 4 419 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 240 та мактаб, 17 та Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб интернати, 39 та хусусий мактаб, 17 та “Баркамол авлод” болалар мактаби экани қайд этилди.

Масъулнинг айтишича, 1755 та мактабгача ва мактаб таълим ташкилотлари куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда. Шундан 190 таси табиий газда, 1547 таси кўмир ёқилғисида, 1 таси суюлтирилган газ ҳамда 9 таси марказлашган қозонхоналар ёрдамида иситилади.

Таъкидлаш керакки, Халқ демократик партияси учун мактабгача ва мактаб таълимни сифатли ташкил этилиши, таълимда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминланиши, коммунал хизматларнинг самарали йўлга қўйилиши долзарб аҳамиятга эга. Шунинг учун халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи керакли ўрганиш ишларини олиб бориб, масалани муҳокамага олиб чиқди.

Мажлисда амалга оширилаётган ишлар ҳақида рақамлар асосида атрофлича маълумотлар берилди. Шундан сўнг халқ вакиллари кун тартибидаги масала бўйича фикр ва таклифларини билдиришди.

Жумладан, мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, иситиш бўйича жорий этилган давлат-хусусий шериклик тизимининг самарали ишлашини таъминлаш чоралари кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Партиямиз депутатлари ногиронлиги бўлган болаларга инклюзив таълим имкониятларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишди. Вилоятдаги 1905 нафар ногиронлиги бўлган болаларга сифатли таълим бериш, очилиши режалаштирилган 111 та инклюзив синфларни режага мувофиқ тайёрлаш, бу борада олдинда турган вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Келтирилишича, бугунги кунда ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан инклюзив синфи бор мактабларни намунавий “Тўсиқсиз муҳит” яратилган мактабга айлантирилмоқда. Бунинг учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси ҳисобидан инклюзив таълим йўналиши бўйича синфларни сифатли жиҳозлар билан таъминлашга 1,6 млрд сўм маблағ ажратиш талаб этилади.

Йиғилишда муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг белгиланган вазифаларни вақтида бажариш, депутатлик назоратини изчил олиб бориш бўйича қўшма мажлис қарори қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш