
Сўнгги йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти жаҳон ҳамжамияти учун муҳим сиёсий ва иқтисодий платформага айланди, десак янглишмаймиз. Ташкилотда қабул қилинаётган қарорлар халқаро муносабатларнинг йўналишини белгилаб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштирокида прагматизмга катта эътибор қаратилмоқда. Яъни, республика томонидан ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган, сиёсий-мафкуравий мақсадлардан холи бўлган таклифлар ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Улар мамлакатнинг миллий манфаатларига ҳамда минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига мос келувчи муҳим соҳаларни қамраб олади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тяньцзинь шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда илгари сурган ташаббуслари нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва жаҳон учун катта аҳамият касб этди.
Хусусан, ШҲТ институтлари самарадорлигини ошириш ва уни Глобал Жануб давлатлари ҳисобига кенгайтириш ташаббуси илгари сурилди. Бу бежиз эмас. Чунки замонавий дунёда изоляция эмас, балки кенгайиш ва мулоқот орқали муваффақиятга эришиш мумкин. Глобал Жануб давлатларининг қўшилиши эса ШҲТни халқаро майдонда янада нуфузли, таъсирчан кучга айлантиради.
Иқтисодий, интеллектуал, ресурс ва технологик йўналишларда улкан салоҳиятга эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро майдонда ўз таъсирини изчил кенгайтириб бормоқда. Глобал ноаниқлик кузатилаётган ҳозирги шароитда бу муҳим аҳамиятга эгадир.
Шу ўринда, ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик макони бўлиб қолмоқда. Айнан шу жиҳат манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва замонамизнинг энг мураккаб хавф-хатарларига биргаликда жавоб топиш имконини бермоқда.
Яна бир муҳим ташаббус хавфсизлик — умумий манфаат масаласига қаратилганлиги билан долзарб. Яъни ядро хавфсизлиги бўйича декларация қабул қилиш, Ички ишлар вазирлари кенгаши фаолиятини қайта тиклаш, 2030 йилгача гиёҳвандликка қарши кураш дастурини тайёрлаш, “ШҲТ —Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини фаоллаштиришдир. Президентимизнинг бу ташаббуслари минтақа тинчлиги учун таянчдир. Ядро хавфсизлиги декларацияси — глобал барқарорликка қадамдир.
Сўнгги йилларда терроризм ва экстремизмнинг табиати сезиларли равишда ўзгариб бормоқда ва кибержиноятчилик, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва унинг айланмаси ҳам ўсиб бормоқда. Шунингдек, уюшган жиноятчилик кучайиб боришининг олдини олиш ҳамда ушбу таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу дунёда тобора авж олаётган терроризм ва экстремизмнинг ҳамда гиёҳвандликка қарамликнинг олдини олиш борасида муносиб ечим бўлади.
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиш, хусусан, савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш ҳамда минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш таклифи эса мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Шунингдек, Шимол — Жануб ва Шарқ — Ғарб йўналишларида транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон, бир йўл” ташаббуси билан уйғунлаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Йўллар тараққиёт томонига олиб борувчи кўприк бўлиб, ушбу ташаббус минтақани жаҳон логистикасидаги стратегик марказга айлантиради.
Саммитнинг энг муҳим натижаси Тошкент шаҳрида доимий фаолият юритадиган орган — ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказини ташкил этиш ва бунинг ортидан Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам фаолият бошлаши бўлди. Энди Тошкент нафақат минтақа, балки бутун ШҲТ маконида хавфсизликнинг асосий таянчига айланади.
Президентимиз ташаббусларини ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ва саммит иштирокчилари қўллаб-қувватладилар. Бунинг асосий сабаби, халқаро кун тартиби учун Ўзбекистон раҳбари томонидан қўйилаётган ҳар бир масала минтақавий аҳамиятга эга экани ҳамда барча мамлакатлар манфаатлари учун мос келганидадир.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.