Ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар доимо эътиборимизда
Ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар доимо эътиборимизда

 

ЮртимиздаИнсон қадри учунғояси асосида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, сифатли таълим ва тиббий хизмат, болалар, хотин-қизлар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш йўлидаги ислоҳотларнинг қамрови ҳамда самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023 йил 27 декабрда қабул қилинганЎзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичга чиқаришда дастуруламал бўлаётир.

Қарорда эҳтиёжманд қатлам вакилларини аниқлаш тартиб-тамойилларини оптималлаштириш ва рақамлаштириш, ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахсларнинг саломатлиги ва турмуш сифатини яхшилаш орқали уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Бу жараёнда шаффофликка эришиш ҳамда инсон омилини камайтириш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот хизмати жорий этилгани айни муддао бўлди.

Айтиш ўринлики, эҳтиёжманд қатламларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам бериш тартиби рақамлаштирилгани ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоятида бугунги кунда мавжуд 847 минг 350 та оиланинг 232 минг 248 тасига ёки 27.4 фоизига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам тайинланди.

Камбағалликни қисқартириш, ишсиз аҳоли вакиллари учун даромад манбаини яратиш чора-тадбирлари самараси ўлароқ шу йилнинг бошида ҳудудимизда 9 минг 757 та оиланинг ижтимоий аҳволи яхшилангани аниқланди. Жумладан, 8 ярим мингдан зиёд оиланинг даромади белгиланган мезондан ошди.

Бундан ташқари, юқоридаги қарор ижроси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

ЎзХДПдан вилоят ва туман кенгашларига сайланган депутатлар томонидан аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда, олиб борилаётган ўрганиш ишларида бу йўналишда эришилаётган салмоқли натижалар қаторида долзарб вазифалар ҳам ўз ечимини кутаётгани маълум бўлмоқда.

Биринчи навбатда юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг моҳиятини, соҳадаги янгиликларни аҳолига, айниқса, тоғли ва узоқ манзилларда яшовчи фуқароларга етказиш зарурати сезиляпти.

Бундан ташқари, ногиронлиги бор шахсларни электрон юритмали махсус аравача билан таъминлаш кўрсаткичлари талабга жавоб берса-да, протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини муҳтожларга етказиб бериш жараёнини яхшилаш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Маълумки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида 11 нафар мутахассисдан иборат ягона психологик-тиббий-педагогик комиссия ташкил этилди. Мазкур комиссия ҳар ҳафта жойларга чиқиб, сайёр қабулларни йўлга қўйса, халққа яқинлашса, имконияти чекланган ҳамюртларимиз учун ҳар тарафлама қулай бўлар эди.

Яна бир масала. Ҳозирда ИҲМАнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи томонидан ижтимоий тармоқларда фаол видеомулоқотлари бўлиб ўтмоқда. Интерактив шаклдаги бундай мулоқотларни маҳаллий теле ва радиоканалларда ҳам ташкил этиш зарурати ҳақида мурожаатлар келиб тушяпти. чунки кўп ҳолларда ногиронлиги бўлган фуқаролар телевизор ва радио воситалари орқали ахборот оладилар.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги кексалар ва ногиронлиги бор шахсларни санаторийларга йўлланма учун навбатга олиш “ИҲМА Санаторий” модули орқали амалга оширилмоқда. Бунда пенсионерларга уч йилда бир марта бепул йўлланма олиш имконияти мавжуд. Кекса-нуронийларимиз билан учрашганимизда улар санаторийларда бепул йўлланма асосида уч йилдамас, икки йилда бир дам олишга боришни исташларини кўп таъкидлайдилар.

Биз, халқ вакиллари электоратимиз томонидан билдирилаётган мана шундай таклифларни, муаммоларни тегишли ташкилот-идораларга етказиб, ижтимоий ислоҳотларнинг натижадорлиги ва манзиллилигини оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Токи, вилоятимизда ҳеч бир эҳтиёжманд инсон ижтимоий қўллаб-қувватлашдан четда қолмасин.

 

Шаҳло ХУДОЙҚУЛОВА,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 23.7.2025, №29

 

 

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш