Таълим тизимини ривожлантириш тараққиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутатлар «Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Мазкур ҳужжат қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва чегаралардаги ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилади.

Хусусан, фракция аъзоси У.Шерматов қонун лойиҳасининг давлатлар ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлишини таъкидлаб ўтди.

Шартноманинг кучга кириш уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашувига, чегараолди савдонинг ортишига, инфраструктура лойиҳаларини қуришга ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Натижада чегарадош ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш фаровонлиги ошади.

Депутатлар Марказий Осиёда интеграцион жараёнлар тобора кучайиб бораётганига урғу бериб, бу шартнома ҳам миллий, маданий, тарихий илдизлари туташ бўлган халқларимизнинг янада жипслашишига ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Фракция аъзолари лойиҳани бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги лойиҳа муҳокама қилинди.

Глобал конвенциянинг асосий мақсади миллий таълим тизимларини халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви учун шарт-шароитларни такомиллаштириш, уларнинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини оширишдан иборат.

Бугунги кунда конвенцияни 32 давлат ратификация қилган. Шу жумладан Марказий Осиё минтақасидаги бирорта давлат ҳали ҳам Глобал конвенцияга қўшилмаган. МДҲ давлатларидан фақат Aрманистонгина қўшилган.

Депутат О.Иминовнинг фикрига кўра, бу ҳужжат Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро майдонда тан олинишига, дипломларимизнинг нуфузини оширишга ҳамда ёшларга хорижда ўқиш ва ишлаш имкониятларини яратишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари ҳар бир қонун лойиҳалари бўйича ўзларининг таклиф ва тавсияларини билдиришди. Зеро, билдирилган ҳар бир ташаббус ортида мамлакат манфаати, халқимиз фаровонлиги мужассамдир.

Муҳокамалар якунида кун тартибида кўрилган лойиҳалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш