
Юқори синф ўқувчиси бўлган фарзандимизга ўқишга ёки машғулотларга кетиши чоғида йўлда эҳтиёт бўлишини, чорраҳадан ёлғиз ўтмаслигини қаттиқ тайинлаймиз. Яқин инсонимиз автоуловда сафарга отланса, хавотирга ўхшаш муздек нимадир юрагимизни тирнаб ўтади: «Ишқилиб, соғ-омон қайтсин!». Пиёдалар ўтиш жойида яшил чироқ ёниб турса-да, юришга шошилмаймиз, ўқдай учиб келаётган автомашинанинг ғилдираклари остида қолиб кетиш қўрқуви бор.
Ўзимиз англаб-англамай кундалик одатимизга сингиб кетаётган бу савқи табиий ҳол аслида нормал жамият учун хос эмас. Йўлда ҳаракатланиш на пиёдада, на ҳайдовчида хавотир, ҳадик ва асабий таранглик уйғотмаслиги керак. Афсуски, юртимизда бунинг акси ўлароқ йўл-транспорт ҳодисалари бугуннинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолари қаторида тургани рост. Ҳатто луғатимиздан «автотеррорист» сўзи ҳам жой олдики, кунда-шунда йўлларимизда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар, даҳшатли фожиалар, зиёлиларнинг таъбирича, «инсониятга қарши жиноят»лар кети узилмаётир. Йўл қоидасини менсимай, ёш умрларни завол қилаётган ҳайдовчиларни белига мина боғлаган худкушга қиёслашларида жон бор.
Статистикага юзланамиз. Мамлакатимизда 2023 йилда йўл ҳаракати билан боғлиқ жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд қилинган. Содир этилган 9 минг 839 та ЙТҲ оқибатида 9 минг 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 минг 282 нафар киши ҳалок бўлган. Болалар билан боғлиқ 1 минг 794 та ЙТҲ туфайли 1 минг 568 нафар ўғил-қиз жароҳатланган, 263 нафар бола ҳаётдан кўз юмган. Ўтган йили эса 9 минг 364 та шундай ҳодиса юз берган. Уларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган. Энг ачинарлиси, 2 минг 203 нафар инсон (улар орасида болалар ҳам оз эмас) ЙТҲ қурбони бўлган.
Тўғри, 2024 йилда йўл-транспорт ҳодисалари ва уларда жароҳатланганлар, вафот этганлар сони 2023 йилга нисбатан кичик фоизга бўлса-да, камайган, бироқ йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат ҳали ҳам тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганидан кўз юмолмаймиз.
Ўрганишлар ўтган йилги ЙТҲнинг 47,1 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдаларга йўл бермаслик, 3,7 фоизи ухлаб қолиш, 22,8 фоизи белгиланган тезликка ва 3,6 фоизи светофорга амал қилмаслик оқибатида содир бўлганини кўрсатмоқда.
Рақамларда ҳақиқат юки
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 1,3 миллиондан ортиқ одам – бу ҳар 24 сонияда 1 киши деганидир – йўл-транспорт ҳодисалари туфайли ҳалок бўлади. Яна 20 миллиондан 50 миллионгача инсон худди шу сабаб турли жароҳатлардан азият чекади. ЙТҲда кузатилаётган ҳар 10 ўлимдан 9 таси паст ёки ўрта даромадли мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ваҳоланки, паст даромадли мамлакатларда дунё автомобилларининг атиги бир фоизи мавжуд бўлса-да, уларда ЙТҲ туфайли ўлим хавфи юқори даромадли мамлакатларга қараганда уч баравар кўп. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлиллари дунё миқёсида ЙТҲ 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабаби бўлиб қолаётганини кўрсатаётир.
Аёнки, йўлларимизда кўп сонли ҳаёт йўқотишларининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун эса мамлакат транспорт тизимлари марказига автомобилларни эмас, балки инсонларни қўйиш, болалар, пиёдалар, велосипед ва мотоцикл ҳайдовчилари, ногиронлиги бўлган шахслар каби ҳимоясиз йўл ҳаракати қатнашчиларининг хавфсизлигини таъминлаш айни зарурат.
Ўтган ҳафтада Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида масаланинг ушбу жиҳатига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас.
– Ҳар тўртинчи аварияда бир киши ёки кунига ўртача олти киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак, – деди давлат раҳбари.
Шу нуқтаи назардан йўл инфратузилмаси хавфсизлигини кучайтириш, бунинг учун эса, энг аввало, йўлсозлик ишларини янги босқичга чиқариш кун тартибига қўйилди.
Оқилона ечим
Ёдингизда бўлса, ўтган йили БМТ Ўзбекистонда ҳаракат хавфсизлиги бўйича тадқиқот ўтказиб, айнан йўл-транспорт ҳодисалари мамлакат тараққиёти ва соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий муаммо эканини баён қилган эди. Тадқиқотда Ўзбекистонда хавфсиз йўлларга эришиш учун ҳаракат хавфсизлигини мунтазам равишда текшириб бориш, барқарор транспорт турларини, жумладан, жамоат транспорти, пиёда ва велосипедда ҳаракатланишни кенг тарғиб қилиш, йўлларни лойиҳалаш стандартларини янгилаш, замонавий транспорт тизими талабларидан келиб чиқиб йўллар ва кўчаларнинг функционал таснифини ишлаб чиқиш, тезликни мувофиқлаштириш, жазо чоралари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, соҳада институционал ва инсоний салоҳиятни мустаҳкамлаш вазифалари долзарб экани кўрсатиб ўтилди.
Видеоселектор йиғилишида мавжуд муаммолар ечими ўлароқ белгилаб берилган аниқ чора-тадбирлар мана шу вазифаларни тўла-тўкис қамраб олди, десак, янглишмаймиз.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда йўл қурилиши ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган. Бу – 2017 йилгача берилган маблағлардан 3,5 баробар кўп. Бундан ташқари, соҳада онлайн мурожаат тизими ишга тушгач, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига келадиганлар 50 фоизга камайган. Қоидабузарликларни сунъий интеллект асосида саралаш ва қарор чиқариш амалиёти жорий қилинган. Нафақат марказий ҳудудларда, балки кўплаб туманларда ҳам йўл инфратузилмаси яхшиланиб, автоҳалокатлар эҳтимоли камайтирилган. Лекин 20 та ҳудудда ЙТҲ сони юқорилигича қолаётгани, умуман, бундай ҳодисалар оқибатидаги зарар ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 0,4 фоизга етгани бу борада мазмун-моҳиятан янги ёндашувларни татбиқ этишни тақозо қилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, эндиликда юртимизда «Хавфсиз йўл» миллий дастури ишга туширилиши, «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, ҳукумат бўйсунувига ўтказилишини энг тўғри ечимлардан, дейиш мумкин.
Маълум қилинишича, мазкур жамғарманинг ҳар бир вилоятда алоҳида ҳисоб рақами бўлади. Ички ишлар тизимидаги йўл белгилари ва светофор ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхоналар ҳам вилоят тасарруфига ўтказилади.
Жамғарманинг фаолияти шаффоф бўлиши, унга келиб тушаётган маблағлар, биринчи навбатда, авария ўчоқлари бўлган хавфли жойларни тартибга солишга йўналтирилиши яна бир аҳамиятли жиҳатдир.
Шунингдек, йўллар бўйича аҳоли фикрини ўрганадиган электрон портал очилиши, одамлар у орқали қаерга белги, пиёдалар йўлаги ва светофор кераклиги ҳақида овоз бериши мумкинлиги, порталга қилинган ишларнинг видео ва фотолари ҳам қўйиб борилиши тизимда интерактив мулоқотнинг шаклланишига олиб келади. Бундай мулоқот, сўзсиз, йўлсозликдаги муаммоларининг барҳам топишида фуқаролар иштирокини кенгайтиради.
Йиғилишда яна бир муаммо тилга олинди. Айтилишича, ҳозирда автомобиль йўлларида 1 минг 200 дан ортиқ қайрилиб олиш жойи бўлса, шундан фақатгина 146 тасида ер ости ва ер устидан қайрилиш мумкин. 10 мингдан зиёд пиёда ўтиш жойларининг атиги 154 тасида шундай қулайлик бор. Шу боис Транспорт вазирлигига Жаҳон банки иштирокида Тошкент – Самарқанд – Термиз, Тошкент – водий ҳамда Самарқанд – Бухоро йўналишидаги халқаро йўлларнинг хавфсизлик талабларига мослигини диагностика қилиш топширилди. Ушбу таҳлиллар асосида йўлларда қайрилиб олиш ҳамда пиёдалар ўтишини хавфсиз қилиш, белгилар ва чизиқларни қулайлаштириш лойиҳалари ишлаб чиқиладиган бўлди.
Асосий муаммо – ҳайдовчилар маданияти
2025 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари сони 4 миллион 522,1 мингтани ташкил этган. Уларнинг 93 фоизи енгил автомобиллар.
Турган гапки, бу рақамлар йил сайин ўсиб бормоқда. Аҳолимизда шахсий автомашинага эгалик қилишга, бугунги тезкор замонда унинг қулайликларидан фойдаланишга интилиш, қолаверса, автомобиль сотиб олиш учун кредитлар жорий этилиши, моддий имкониятнинг ортиши автоуловлар сони ортишига олиб келаётгани қувонарли. Лекин бир яхшининг бир ёмони деганидек, кўплаб ривожланган давлатларда пиёдалар зоналари, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларини ташкил этиш ҳисобидан автойўлларни қисқартириш тенденцияси кузатилаётган ҳозирги даврда бизда, айниқса, шаҳар жойларида пиёдалар кўча-кўйда бемалол юра олмай қолган. Тиғиз вақтларда йўлларда соатлаб чўзиладиган тирбандликлар – бу энди жамият кайфиятига салбий таъсир қилаётган омиллардан.
Йиғилишда пойтахтда ва бошқа йирик шаҳарларда тирбандликни келтириб чиқараётган сабаблардан бири – айрим вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар биноси жойлашган кўчаларнинг ёпиб қўйилгани танқид қилинди. Мутасаддиларга бундай ҳолатларга чек қўйиб, барча ташкилот ва маҳалла кўчаларидаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлашга кўрсатма берилди. Транспорт вазирлигига ҳайдовчилар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича электрон платформа ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Эътибор қилсак, йўлларда турли ёшдаги инсонлар умрига зомин бўлиш билан боғлиқ ҳолатларга эҳтиётсизликдан ҳам кўра ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларни қасддан бузиши, жарима ва қонуний жазолардан қўрқмаслик, ҳайиқмаслик одатлари сабаб бўлаётганини кўрамиз. Ўтган йили республикамизда йўл ҳаракати билан боғлиқ қарийб 20 миллионта қўпол қоидабузарлик содир этилган. Айрим ҳайдовчиларда бу сурункали тус олгани ҳам маълум.
Энди бундай ашаддий ҳуқуқбузарларга кескин чора сифатида «Сурункали қоидабузарлар» дастури ишга туширилади. Қарама-қарши томонга ҳаракатланиш, қизил чироқда ўтиш ёки тезликни ошириш каби қоидабузарликларни такроран содир қилганлар учун бир йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса, олти ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Меъёрдан 2-3 карра тез юрганлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишгача жазоланиши мумкин.
Жамиятимизда ҳайдовчилик маданияти, пиёдаларга йўл бериш, масофа сақлаш каби кўникмалар шаклланмас экан, юқоридаги каби қатъий жазолар билан тийиб туриш орқали йўлларда ўлимлар сонини камайтириш мумкин ва, бизнингча, ҳозирда мақбул чора ҳам шу!
***
Ирина ТОКАРЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
– Йўл-транспорт ҳодисалари жамият ҳаётининг барқарорлигига, кишилар турмушига, соғлигига таъсир қилаётган жиддий муаммо. Бундай ҳодисалар сонини камайтириш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигига эришиш учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Хавфсиз йўл» миллий дастури ишга туширилиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир.
«Хавфсиз йўл» миллий дастурини амалга оширишда фақат мутасаддилар эмас, барча бирдек иштирок этмоғи лозим. Чунки бу ҳаммамизга дахлдор масала. Ахир барчамиз йўл ҳаракати иштирокчиларимиз, кимдир ҳайдовчи, кимдир пиёда... Мазкур жараёнда ҳайдовчилар билан бир қаторда пиёдаларнинг ҳам йўлда ҳаракатланиш бўйича билимларини, тартиб-интизомини ошириш керак, назаримизда. Оғриқлиси, ёшларимиз орасида йўл қоидаларига беписанд қараш ва эътиборсизлик жуда оммалашган. Бу ва бунинг ортидаги нохуш оқибатларга қарши курашиш учун таълим муассасаларида, маҳаллаларда фаол тушунтириш ишларини олиб бориш зарур.
Шу жиҳатдан эндиликда мактаб ва боғчаларда ҳаракат хавфсизлиги бўйича ўқитиш дастурлари янгиланиши, «Яшил чироқ» мусобақалари қайта тикланиб, республика ғолибларига Президент совғаси берилиши, йўл ҳаракати қоидалари бўйича видео ва анимацион контентлар яратилишини мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз.
Видеоселектор йиғилишида юртимизда шаҳарлараро жамоат транспорти тизимли йўлга қўйилмагани масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Ўрта ва узоқ масофага қатнайдиган жамоат транспортини ривожлантириш чоралари белгиланди. Пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олиши, жамоат транспортлари парки замонавий автобуслар билан тўлдирилиши, натижада Тошкент шаҳрида 25 мингта енгил машина қатнови камайиши айтилди. Шаҳарлар ва вилоятлараро жамоат транспорти қатновлари ҳам яхшиланиши, улар учун божхона божидан имтиёз қўлланилиши маълум қилинди.
Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий бўйсуниш қонуний мажбурият ва ижтимоий масъулият ҳисобланади. Бу масъулиятни қачонки ҳар биримиз англаб, чуқур ҳис қилсак, йўлларда инсонлар, хусусан, болалар ўлими билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар юз бермайди.
Демак, йўлларда хавфсизлик кафолати ўз қўлимизда.
Фарида МАҲКАМОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 16.7.2025, №28