Маҳаллий Кенгашлар минбарида депутатларимиз ўз фикрини эркин билдирмоқда
Маҳаллий Кенгашлар минбарида депутатларимиз ўз фикрини эркин билдирмоқда

 

Андижон мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган вилоят ҳисобланади. Сўнгги вақтларда вилоятда катта ўзгаришлар ва янгиланишлар бўй кўрсатяпти, ҳудудлар кундан-кунга ривожланиб боряпти. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бугун вилоятда партиямизнинг 101 нафар депутати бор. Шундан 15 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати бўлса, 86 нафари туман ва шаҳар Кенгашларидаги вакилларимиздир. Аъзоларимиз сони 83 минг нафардан ортиқ, бошланғич партия ташкилотлари 1085 тани ташкил этади. Вилоятдаги бугунги ўзгариш ва янгиланишларда уларнинг ҳиссаси борлиги қувонарли, албатта.

Англаганингиздек, маҳаллий Кенгашлар учун ажратилган саҳифамизнинг бу галги меҳмони ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси Муқаддасхон Султонова бўлди.

 

– Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?

Вилоятимизда мамлакатимиз аҳолисининг 10 фоизи истиқомат қилади. Охирги йилларда вилоятимиз катта воқеалар, муҳим тажрибалар марказида турибди. Бунда депутатларимизнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта.

Жамиятда демократик иқлимни юзага келтиришда кучли депутатлар муҳим роль ўйнайди. Кучли партия гуруҳи ўткир муаммоларни кўтариб чиқади, масала таг-томири билан йўқ қилинмагунча тинчимайди.

Бу йил депутатликка биринчи сайланганлар аллақачон бу жараённинг суръати ва моҳиятини тушуниб олдилар. Улар ҳудудларда тажрибали, фаол депутатлар билан бирлашиб, биргалашиб, кўп хайрли ташаббусларни илгари суришмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун маҳаллий Кенгашлар фаоллашмоқда. Жойларда ижро тизимида айрим мудраб ётган раҳбарлар эса анча сергаклашган.

Кўзга кўринарли муҳим ташаббусларга тўхталадиган бўлсам, биз бир қатор лойиҳаларимиз билан маҳаллаларга, сайловчилар орасига кириб боряпмиз, улар билан елкама-елка туряпмиз. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаолиятига назар ташласак, мақтовлар ҳам, танқидлар ҳам бор. Аммо ҳамма гап ҳаракатда, ислоҳотлар самарасини таъминлашда.

Аввало, айтиш керакки, Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар шароитида партиямизнинг дастурий ғоялари ва мақсадлари ҳам чуқурлашди. Партиямизнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, ижтимоий самарадорликни ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган муҳим масалалар қамраб олинди.

Маҳаллий Кенгашлар минбарида депутатларимиз, фаолларимиз муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўз позициясини эркин билдирмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Партия кенгашларининг депутатлар билан алоқаси янада мустаҳкамланмоқда. Халқ дардига қулоқ тутиш, одамларнинг муаммоларини ўрганишда биргаликда фаолият олиб бориш яхши самара бериши аниқ.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, партиямиздан сайланган депутатларимиз томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида 50 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Бу сўровларнинг 37 таси ижобий ҳал этилди.

Партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига 678 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарият қисми, яъни, 97 фоизи ижобий ҳал қилинди.

Улар асосан, коммунал соҳа, бандлик, иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни ўз вақтида ололмаслик, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, таълим, банк кредити ва бошқа масалалар юзасидандир.

Шунингдек, сессияларга киритилган масалаларнинг ижроси бўйича доимий равишда назорат олиб боряпмиз. Сессияда қабул қилинган қарорлар ижросини ҳар ойнинг охирида алоҳида йиғилишда кўриб чиқамиз.

Амалий ишларимизга тўхталадиган бўлсак, биз бир қатор лойиҳаларимиз билан маҳаллаларга, сайловчилар орасига кириб боряпмиз, улар билан елкама-елка туряпмиз.

Масалан, вилоят партия кенгаши томонидан ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор лойиҳалар, форумлар ташкил этилди.

Жумладан, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш мақсадида «Сафимиздаги ёшлар» лойиҳаси, «Депутат ва ёшлар» форуми, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови ўтказилди. Андижонлик йигит-қизлар орасида ушбу лойиҳаларимизга қизиқувчилар жуда кўп бўлди. Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтиришга қаратилган пресс-клублар ташкил қилинди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида «Хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ойлиги», «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунар ўрганишга жалб этиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди.

Муҳими, амалий ишларимиз орқали одамларни қийнаб келаётган қанчадан-қанча масалалар ечим топадиган бўлди. Албатта, бунга эришиш бу йўлдаги илк натижа бўлса, унинг ижросини таъминлаш муҳим ва асосий жараён саналади. Бунда эса биз депутатлар фаоллик ва зийракликни бой бермай, назорат ўрнатишимиз зарур, деб ўйлайман.

 

– Сиз вилоят партия кенгаши ишидан шахсан ўзингиз қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?

– Албатта, ишимиздан қониқадиган жиҳатлар жуда кўп. Юқорида айтиб ўтганимиздек, биз аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, мурожаатларни ҳал этиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва маҳаллий муаммоларни ҳал этиш борасида катта саъй-ҳаракат қиляпмиз. Аммо айрим масалаларда камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Янада фаол ишлаш, катта-катта ташаббуслар билан чиқиш учун ишга солинмаган имкониятларимиз бор, шундан унумли фойдаланишимиз керак.

Масалан, ҳар бир депутат ўз сайлов округида сайловчилар билан узлуксиз мулоқотда бўлиши, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ташаббускор бўлиши лозим. Аммо баъзи ҳолларда бу мулоқот камдан-кам ёки расмийлашган шаклда кечаётганини кўрамиз.

Партия ғояларини жамоатчиликка етказишда замонавий усуллардан кенгроқ фойдаланиш зарур. Масалан, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалардан самаралироқ фойдаланиш лозим. Бу ҳозирги замон талаби. Айниқса, чекка туманлардаги партия ташкилотлари бугунги ахборот технологиялари имкониятидан самарали фойдаланиши зарур.

Фақат мурожаатларни қабул қилиш эмас, балки ҳокимият ва давлат органлари билан конструктив ҳамкорликни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Улар билан ҳамкорликда жойларда сайёр қабулларни кўпайтирсак, аҳоли муаммолари шунча тез ҳал бўлади.

Шу билан бирга, партиямиз сафини ошириб боришда фақат сон эмас, сифатдан жиҳатдан ҳам ўсишга алоҳида урғу беришимиз кераклигини даврнинг ўзи талаб қилмокда. Шунинг учун ҳам жорий фаолиятимизда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларини, халқ орасида обрў қозонган жамоатчилик фаолларини партия сафига қабул қилишга кўпроқ эътибор қаратяпмиз.

Энди саволингизнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, биринчидан, агар депутатлар жойлардаги фаолиятини кучайтирса ва аҳоли билан тизимли иш олиб борса, рақамли технологиялар имкониятидан самарали фойдалансак, партия ғояларининг таъсирчанлиги ошади. Маҳаллий партия кенгашлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайса, ташаббуслар кўпаяди, депутатлик сўровлари орқали аҳолини қийнаётган муаммолар тезроқ ҳал бўлади.

 

– Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларни айтдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Яна бир савол. Юқорида муаммоларни айтдингиз. Хўш, сиз бу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?

– Партиянинг жамиятдаги нуфузини ошириш партия фаоллари, ундан сайланган депутатларнинг Сайловолди дастурга асосан олиб бораётган амалий ишларига боғлиқдир.

Шунинг учун биз партиямиз Сайловолди дастури ва 2024-2029 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросига жиддий киришганмиз.

Шунингдек, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини жонлантиришга эътибор қаратяпмиз. Бу партиямиз дастурий мақсад ва ғояларини кенг тарғиб қилиш, аъзоларимиз, хайрихоҳларимиз сафини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган лойиҳаларни кўпайтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Масалан, ўтган йил мобайнида «Сафимиздаги ёшлар» ҳамда «Ёш сиёсатчилар мактаби» лойиҳалари доирасида ўтказилган тадбирларда 4 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди, 3326 нафар ёшлар партия сафига қабул қилинди.

Ҳозир партия сафини кенгайтириш, сайловчилар меҳрини қозониш, аҳолига янада яқинлашиш бўйича катта лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Асосий мақсадимиз мазкур лойиҳаларни самарали амалга ошириб, йил якунигача партиямиз аъзолари сонини кўпайтиришдир.

Муаммолар бор ва уларни бирданига тўлиқ бартараф этиш осон эмас. Лекин партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш учун бор куч-имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланган ҳолда қатъий ҳаракат қиламиз.

Сиёсатда реал ёндашув асосий тамойиллардан бири бўлиши керак, деб ўйлайман. Мен ҳар қандай муаммони бир зумда ҳал қилиб қўйиш мумкин, деб ваъда бермайман. Аммо бир нарсани аниқ айта оламан – биз бу муаммоларни босқичма-босқич ҳал қиламиз.

Умуман олганда, камчиликлар устида ишлаб, партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари нуфузини ошириш бўйича қатъий режаларимиз бор. Имкониятларимиз кўп, ваколатларимиз ҳам етарли. Ишонаманки, режаларимизнинг барчаси амалий натижаларимизда акс этади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 9.7.2025, №27

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш