
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ўзини суверен, демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат билан бир қаторда ижтимоий давлат, деб эълон қилди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шу жумладан, ижтимоий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мутлақо янги механизмлар жорий этилди.
Партиямиз ижтимоий ҳимоя тизими кафолатларининг Конституция даражасида мустаҳкамланишини тарихий ютуқ сифатида баҳолайди.
Бу шубҳасиз, Халқ демократик партиясининг мамлакатда ижтимоий адолат, тенглик ва ижтимоий бирдамлик мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлат барпо этиш мақсадлари билан чамбарчас мувофиқ эканлигини эътироф этади.
Сўл қанот партия сифатида фаолиятимиз давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, аҳолини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича чоралар кўришда фаол қатнашиб келмоқдамиз.
Қонунчилик палатаси фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, унинг ишини кузатиш ва холис баҳолаш ҳамда электорат фикрини инобатга олган ҳолда партия ўтган даврдаги фаолияти натижалари, сайловолди платформаси ва ҳукумат дастури йўналишлари таҳлили асосида ўз сиёсий позициясини шакллантирди.
Ўнг партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларининг яқинлигидан келиб чиққан ҳолда парламентдаги кўпчилик – “Тараққиёт блоки”ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Биз мазкур блокнинг тузилишига эътироз билдирмаган ҳолда унинг устувор вазифалари, шунингдек, ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшила олмаймиз.
Хусусан:
– иқтисодиётда давлат иштироки, стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолишга эътиборнинг камлиги, уларни хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланмаганлиги;
– рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган пенсия тизимига ўтиш заруриятининг мавжудлиги;
– коммунал тўловлари (газ, электр ва бошқалар) масаласида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашнинг истиқболга мўлжалланган аниқ стратегияси ишлаб чиқилмаганлиги;
– улушдорлик асосида уй-жой қуриш бўйича фуқаролар улушларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш тизимининг ҳанузга қадар яратилмаганлиги;
– аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизими жорий этилмаганлиги (кўп маблағ топган, кўп тўлаши лозим тамойилини қўллаш керак), шу жумладан, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқнинг (ҳашамат солиғи) жорий этилмаганлиги;
– фармацевтика соҳасида давлат назорати сустлиги, маҳаллий ва хорижий дори воситалари учун энг юқори чекланган нархлар белгиланмаганлиги, шу жумладан, дори воситаларининг рекламаси тақиқланмаганлиги каби бир қатор масалалар партиямиз электорати манфаатларига зид, деб ҳисоблаймиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бошқа сўл партиялар, социал-демократия ғоялари тарафдорлари билан биргаликда ташаббус қилинган парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Мазкур қонун ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси учун кенгайтирилаётган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни кафолатлайди.
Қонунчиликка мувофиқ ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.
Шу боис, партиямиз электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат юритишни давом эттириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилади.
Парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширишни муҳим деб ҳисоблаймиз:
– қонун лойиҳалари ва парламент муҳокамасидаги долзарб масалалар бўйича ўз сайловолди дастуримиз мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қатъий сиёсий позициямизни билдириб бориш;
– ҳукумат ва парламентдаги кўпчиликнинг таклиф ҳамда ташаббусларини танқидий кўриб бориш, улар юзасидан ўз муносабатларимизни билдириб бориш;
– ҳукумат ва парламентдаги кўпчилик томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳалари бўйича зарур деб кўрилган ҳолда муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиб бориш;
– иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ҳукумат ҳаракат дастури ижросини танқидий баҳолаш ва ўз нуқтаи назаримизни билдириш;
– парламент назорати воситаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, қабул қилинган қонунларнинг ҳукумат томонидан сўзсиз ижро этилиши, қонун лойиҳаларининг парламентга ўз вақтида ва сифатли киритилиши, қонунлар ижроси учун зарур бўлган қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинишини таъминлаш устидан таъсирчан назорат олиб бориш.
Биз, Халқ демократик партияси фракцияси ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини юзага чиқариш орқали Ўзбекистон ижтимоий давлат тамойилини амалга оширишда сайловчиларимиз манфаатларини биринчи ўринга қўямиз ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳолимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни бундан буён ҳам сафарбар қилишда давом этамиз.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Бугун социал-демократия ғоялари тарафдорлари бўлган сўл партияларнинг биргаликдаги ташаббуслари билан парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси учун кенгайтирилаётган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни кафолатлайди. Хусусан, қонунга асосан парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари сони 3 тадан 6 тага ошди.
Шу боис партиямиз электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат юритишни давом эттириш учун Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилди.
Куни кеча икки ўнг партиянинг “Тараққиёт блоки”га бирлашиши парламентдаги мавжуд кучлар мувозанатини бузган эди. Блок томонидан эълон қилинган дастурий устуворликлар, мақсад ва вазифалар биз социал-демократия ғояларини илгари сурувчи партиянинг дастурий мақсадларига тўғри келмайди.
Биз, парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида қонун лойиҳаларини танқидий кўриб чиқиш, муқобил таклифлар киритиш ва ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш каби янги ваколатларга эга бўлдик.
Бу бизга мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳолимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги дастурий мақсадларимизни янада кенгроқ ифода этишга замин яратади.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Партиямиз мамлакатда ижтимоий адолат, тенглик ва ижтимоий бирдамлик мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлат барпо этишни ўз бош мақсади, деб билади.
Яқинда ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ДП томонидан “Тараққиёт блоки” тузилди.
Биз бу блок ва ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшилмаймиз.
Биз партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифалари, сиёсий қарашлари ҳамда социал-демократия ғояларидан келиб чиқиб, “Тараққиёт блоки” ва ҳукумат дастуридаги бир қатор масалаларни партиямиз электорати манфаатларига зид, деб ҳисоблаймиз.
Хусусан, фармацевтика соҳасида давлат назоратининг сустлиги, маҳаллий ва хорижий дори воситалари учун энг юқори чекланган нархлар белгиланмаганлиги, шунингдек, дори воситалари рекламасининг тақиқланмаганлиги партиямиз электорати манфаатларини тўлиқ ифода этмайди.
Биз бу масалада парламентдаги кўпчилик ва ҳукумат керакли чораларни кўриши зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу масалани ҳал қилишда келгусида қонунчиликда берилган ҳуқуқлар ва парламент назорати воситаларидан самарали фойдаланишни мақсад қилганмиз.
Анваржон НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Дунё парламентларида кейинги вақтларда бир тенденция яққол кўзга ташланмоқда. Ўнг ва сўл партиялар ўртасидаги ғоя ва таклифлар кураши кескинлашмоқда.
Парламентимизда ҳам депутатлар, партиялар фракциялари ўртасидаги баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма-хиллиги ва турли қарашлар тўқнашуви тобора фаоллашиб бормоқда.
Хусусан, блокнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ҳукумат дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш каби кескин либераллаштириш сиёсати бизнинг дастурий мақсадларимизга тўғри келмайди.
Биз сўл қанот партия сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, аҳолини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришни лозим, деб ҳисоблаймиз.
Хусусан, пенсия тизимини замон билан ҳамнафас ислоҳ қилиш, коммунал тўловлари масаласида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, фуқароларни уй-жой билан таъминлаш ва уларнинг маблағларини ҳимоя қилиш олдимизда турган долзарб вазифалардир.
Биз ушбу масалаларда ҳукумат ҳаракат дастури ижросини танқидий баҳолаймиз ва ўз нуқтаи назаримизни, албатта билдириб борамиз, қонунчиликда берилган ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этишни мақсад қилганмиз.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Халқ демократик партияси сўл партия сифатида ҳар бир қонун лойиҳасини ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиб, ўз таклифларини билдириб келмоқда.
Афсуски, бизнинг позициямизни бошқа ўнг партиялар фракциялари доим ҳам қўллаб-қувватламайди. Яқинда ўтказилган таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, 8 та қонун лойиҳаси бўйича киритган 20 дан ортиқ таклифимиз етарли эътиборга олинмаган. Шунингдек, қонун лойиҳалари юзасидан кўтарган муҳим саволларимиз ҳам жавобсиз қолиб келмоқда.
Бугун қабул қилинган, парламентдаги мухолиф фракцияларга қўшимча ҳуқуқлар берувчи қонун лойиҳаси айнан шу масалаларни ҳал этишга ёрдам беради. Эндиликда фракциямиз парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишигача муқобил таҳририни киритиш ҳуқуқига эга ҳам бўлади. Бу ҳуқуқ электоратимиз манфаатларини тўлақонли ифода этиш имконини беради.
Бизнинг блок ва ҳукумат дастурига қарама-қарши позицияда туришимиз парламентда соғлом сиёсий рақобат, баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги ва турли қарашлар тўқнашувини юзага келтиради. Бу эса қонун ижодкорлиги сифатини оширишга, пухта ва халқ манфаатларига мос қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади, деб ўйлайман.
«Ўзбекистон овози», 14.5.2025, №19