Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш манзилли бўлади
Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш манзилли бўлади

 

2020 йилга қадар ҳам Ўзбекистонда камбағаллар бор эди.

Аммо биз наздимизда буни тан олмасдик. Аниқроғи, бу ҳақида ҳеч нима билмасдик. Чунки бу очиқ муҳокама қилинмади, у ҳақида кўп йиллар ёпиқ эшиклар ортида гаплашилди.

Маълумотларга кўра, ўшанда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмасди. Аммо бу атама ҳам, мамлакатда камбағаллик даражаси юқорилиги ҳам мутлақо тан олинмасди.

Анча пайт ёпиқ мавзу бўлган камбағаллик секин-аста, айниқса, пандемия даврида сув юзасига қалқиб чиқа бошлади. Камбағаллик ҳолатига тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиб кетиш қийинроқ экани янада ойдинлашди.

Бундан 5 йил аввал давлатимиз раҳбари катта минбардан туриб, мамлакатда камбағаллик даражаси ва унга қарши курашиш ҳақида гапирди. Тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Ўшанда Президентимиз мамлакатимиздаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради.

Камбағаллик тор доирадаги тушунча эмас. Бу фақат моддий қийинчиликда, ночорликда кун кўраётган одамларга тааллуқли бўлган масала эмас. Камбағаллик халқнинг соғлиғи, давлатнинг имкониятлари, фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари таъминланиши, умумий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ масаладир.

Тўғри, камбағаллик ҳар қайси замонда ҳам бўлган, ҳар бир мамлакатда бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Асосий масала камбағалликка қарши қандай курашилиши, давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатлари бирлашиши, аниқ мақсадга йўналтирилишида. Ҳамма гап масалага тўғри ёндашишда. Шуларни инобатга олиб, камбағалликни қисқартириш масаласи кун тартибига чиқди. «Бой бўлсанг, кунда ҳайит, кунда тўй, йўқ бўлсанг, кунда ҳасрат, кунда ўй», деб бежизга айтишмайди, ахир.

 

Ўзбекистон камбағалликка қарши жиддий курашмоқда

Мамлакатимизда камбағаллик даражасини 2026 йилнинг якунига қадар 2022 йилга нисбатан икки бараварга, шунингдек, 2030 йилгача кескин қисқартириш стратегик мақсад сифатида белгиланган. Натижага эришиш учун қатор механизмлар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиляпти.

2021 йилда Ўзбекистонда илк бор камбағаллик мезони сифатида минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланди.

Оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш учун жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатлари миқдорига, яъни, камбағаллик чегарасига тенглаштирилди.

Охирги 4 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга камайди.

Жорий йилда эса яна 1,5 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш, 5 млн 200 минг кишини ишли қилиш мўлжалланмоқда.

Жойлардаги давлат ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда «Темир дафтар» лар ташкил этилиб, эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар қўллаб қувватланмоқда. Ҳудудларда камбағаллик даражасини қисқартириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, аҳолини касбга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳтож қатламни манзилли қўллаб-қувватлаш умуммиллий ҳаракат сифатида белгиланди.

Жаҳон банкининг эътироф этишича, Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш йўлида энг юқори натижага эришаётган мамлакатлар сирасига киради.

Энг муҳими, бу ишлар орқали тушкун кайфиятда бўлган оилалар боқимандалик руҳиятидан чиқиши, бандлик даражаси ошиши йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

 

100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизматлар тақдим этилади

Яқинда давлат раҳбарига эҳтиёжманд аҳолини қўллашнинг янги чора-тадбирлари тақдим этилди. Яъни, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш бўйича берилган ахборотда эҳтиёжманд инсонларга берилаётган эътибор, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга оид ҳақида маълумот берилди.

Маълум бўлишича, эндиликда кам таъминланган оилалар учун қамбағалликдан чиқишнинг индивидуал режалари тасдиқланади.

Қайд этилдики, камбағал оилаларни уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб, уч тоифада қўллаб-қувватлаш таклиф қилинмоқда.

Камбағал оилаларга 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этилади. «Камбағал оилалар реестри»га киритиш тартиб- таомиллари қонунчилик ҳужжати даражасида белгиланади. Уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар тасдиқланиб, манзилли хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади. Бундай инсонлар бандлигини чекловчи омиллар бартараф этилиб, муайян даромад топишига шароит яратилади.

Камбағал оила фарзандлари мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод қилинади, аъло баҳога ўқиганлар оромгоҳларда бепул дам олиши мумкин бўлади. Камбағал оиладан чиққан аълочи талаба-қизларга базавий стипендиянинг 2 баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.

 

Ногиронлиги борлар учун қулай шароит

Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахслар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётда бошқалар билан тенг равишда тўлиқ ва самарали иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Уларнинг билим олиши, ишга жойлашиши ва оила даромадига улуш қўшиши, энг муҳими, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўмаклашиш устувор вазифалардан биридир.

Шундан келиб чиқиб, тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳақида ҳам ахборот берилди.

Тақдим этилган таклифларга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаган енгил саноат корхоналарига солиқ имтиёзлари берилади. Шунингдек, бундай ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкаси пасайтирилади, тадбиркорларга уларни иш билан таъминлаш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан 500 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар ажратилади.

Шунингдек, электрон савдо майдончаси орқали ногиронлиги бор шахсларга тегишли товар ва хизматларни харид қилиш миқдори оширилади. Уларга касб-ҳунар ўргатиш учун техникумларда инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилади.

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш мақсадида «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилади. Бундай инсонларга кундузги қатнов асосида ёки уйда қараб туриш, маиший юмушларда кўмаклашиш, йўқотилган ҳаракат фаоллигини қайта тиклаш, касалликларнинг олдини олиш каби тиббий-ижтимоий хизматлар йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, уларнинг тизимлилиги ва бажарилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Аслида, камбағалликка барҳам бериш жуда катта қамровга эга бўлган масала ҳисобланади. Бунда кимгадир ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Одамларга ёппасига кредит бериш ёки пул тарқатиш билан камбағалликни енгиб бўлмаслигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта. Бу иқтисодий-ижтимоий соҳаларда комплекс чораларни талаб этади.

Шу боисдан бугун иқтисодиётдаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли учун даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилмоқда. Эндиликда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича иқтисодиётнинг ўзгаришига қараб, янги ёндашувлар жорий этилмоқда.

Ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбарига оилаларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш тадбирлари ҳақида ахборот берилди. Тақдимотда камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, камбағал оилаларни уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб, уч тоифада қўллаб-қувватлаш таклиф этилмоқда.

Камбағал оилаларга 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этилиши, аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар тасдиқланиб, манзилли хизмат ва ёрдамлар кўрсатилиши эҳтиёжманд одамларимиз учун айни муддао бўлди. Энг муҳими, бундай инсонлар бандлигини чекловчи омиллар бартараф этилиб, муайян даромад топишига шароит яратилади.

Халқ демократик партияси бу ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди, албатта. Аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиётга эътиборни кучайтириш, ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш масалалари партиямиз учун принципиал аҳамиятга эгадир.

Масалан, айтайлик, камбағал оилаларга 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этилиши давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя дастурларини ҳаётга самарали татбиқ этишда муҳим, албатта. Бу эҳтиёжманд фуқаролар, айниқса, оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлашда алоҳида аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Камбағал оила фарзандлари мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод қилиниши бу уларнинг ота-оналари учун ишлаш, фарзандларининг эса таълим олиши учун қўшимча имкониятлар яратиб, оила фаровонлигига хизмат қилади.

Умуман олганда, сўнгги йиллардаги тажрибалар асосида камбағалликни қисқартириш янги босқичга олиб чиқилади. Эҳтиёжманд инсонларнинг эҳтиёжлари, хоҳиши ва имкониятлари қўллаб-қувватланади. Шу орқали улар фаол жамиятга олиб кирилади.

Барчамиз учун эндиги вазифа – ушбу ташаббус ва таклифларни тўлиқ амалга оширишдан иборат.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Ўзбекистон – ижтимоий давлат. Конституциямизда мустаҳкамланган ушбу тамойил асосида меҳр ва кўмак тизими аҳолига яқинлаштирилмоқда. Масалан, айтайлик, барча ҳудудларда «Инсон» марказлари очилиб, маҳаллаларда эҳтиёжманд фуқаролар учун ижтимоий хизматлар йўлга қўйилди. Зотан, ижтимоий ҳимоя, аввало, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги масаласи, ҳар бир инсон инсондек муносабатга лойиқ дегани ҳамдир.

Тақдимотдан бир нарсага яна бир бора амин бўлдимки, эндиликда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилади. Тизимни кучайтиришга доир янги ташаббуслар билдирилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш эътибор марказида бўлди.

Маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 1 миллион нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бор. Уларга қулай шароит яратиш, таълим бериш, муносиб иш ўринлари билан таъминлаш масаласи ниҳоятда долзарбдир. Чунки, инсоннинг қўли калталиги ёки бошқа имкониятлари чеклангани унинг ҳуқуқлари чекланишига олиб бормаслиги зарур.

Шундан келиб чиқиб, тақдимотда бу бўйича ҳам тизимли ва қатъий режалар муҳокама этилди. Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш мақсадида «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилади.

Бундай инсонларга кундузги қатнов асосида ёки уйда қараб туриш, маиший юмушларда кўмаклашиш, йўқотилган ҳаракат фаоллигини қайта тиклаш, касалликларнинг олдини олиш каби тиббий-ижтимоий хизматларнинг йўлга қўйилиши уларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ифодасидир. Бу одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат, инсонийлик фазилатларини кучайтиради. Доимий парваришга муҳтож бўлган ногиронлиги бор юртдошларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг кўнглини кўтариш, ҳаётга умиди ва ишончини оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз бу масалада назорат-таҳлил ишларини кучайтириб, айнан камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш, ногиронлиги бор шахслар бандлигини таъминлаш йўналишларини керак бўлса, ҳар чоракда сессияда кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ. Чунки, мазкур масалалар Халқ демократик партияси ғоялари билан чамбарчас боғлиқ.

 

***

Албатта, ҳар бир қувончли ўзгариш, янгилик минглаб, миллионлаб одамларнинг руҳиятини кўтаради, юксалишга илҳомлантиради. Режалар улкан, тизимда яхши янгиликлар кўп бўлиши кутилмоқда. Вазирлик-идоралар, ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар зиммасидаги масъулият катта. Халқимиз белгиланган вазифалар ижросини аниқ натижаларда кутади.

Халқ демократик партияси жамиятимизда ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги таъминланиши, депутатлик ва кенг жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича қатъий вазифалар белгилаб олади, деган умиддамиз.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 7.5.2025, №18

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш