
2024 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 6,4 фоизга ўсди (мамлакат иқтисодиётидаги 6,5 фоизлик ўсиш фонида) ва 51,26 трлн сўмни ташкил қилди. Айни вақтда вилоятнинг доимий аҳолиси сони 2,03 млн. кишидан иборат.
Ушбу кўрсаткичлар бир неча минг йиллик давлатчилик анъаналарига эга бўлган, бой ўтмиши ва маданий мероси билан бутун дунёга маълум ва машҳур Хоразм вилоятига тааллуқли. Бугун ҳудуд ҳаётига назар ташласак, саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ишга туширилган янги объектлар, йирик транспорт инфратузилмаси ва шаҳарсозлик лойиҳаларини кўриб кўз қувнайди.
Ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбарининг икки кунлик ташрифи ҳам дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Хоразмни янада ривожлантириб, унинг қадимий шуҳратини тиклаш бўйича катта-катта режа ва мақсадларга қанот бўлди, дейиш мумкин.
Президентимизнинг Хоразмга бу галги ташрифи ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга, аҳоли фаровонлигини ошириш ишларига янги руҳ, янги суръат бағишлади.
“Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятидан.
Раҳимберган ЮСУПОВ,
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси:
– Аввало, таъкидлашим керакки, давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида, учрашувларда айтилган ҳар бир фикр, берилган топшириқ ва тавсиялар замирида инсон манфаати устуворлиги, турмуш шароитини яхшилаш, фаровонликни янада ошириш мақсадлари мужассам бўлди.
Президентимиз одамлардан истаклари, ишини ривожлантириш учун зарур масалалар ҳақида сўради. «Урганч кластер»нинг янги корхоналарида тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг ойлик маошлари, меҳнат шароитлари билан қизиқди. Жамоатчилик билан бирга поездда Урганчдан Хивага борди. Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги даласида бўлди.
Одамлар билан ҳамнафас бўлишда гап кўп, аслида. Бу халқимизда, ёшларимизда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди, мақсадлари сари қўрқмасдан дадил одимлаши учун руҳлантиради, албатта. Бугун хоразмликлар ана шундай катта руҳ ва кўтаринки кайфиятда.
Маълум бўлишича, вилоятимизга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан 30 баробар кўпайган. Тизимда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан 2024 йилда 380 миллион долларга етган. Вилоятда сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилган ва уларнинг умумий сони юзтага етган. Эндиликда булар қаторига «Арда Хива» мажмуаси ҳам қўшилди. Унинг очилишида давлатимиз раҳбарининг иштирок этиши биз учун муҳим ва унутилмас воқеа бўлди.
Ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган ушбу маскан ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилган. Бир пайтлар ғариб ва қаровсиз ерлар ўрнини эндиликда ана шундай муҳташам мажмуа эгаллагани барчамизнинг ютуғимиз, албатта.
Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади. Демакки, буларнинг барчаси узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси, деб биламан.
Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда “Хоразм – шонли тарихимиз билан янги ислоҳотларимиз туташган чорраҳа, десак муболаға бўлмайди. Логистика занжирларидан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда ўтган йили “Кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш учун барча асосларимиз бор”, - деди давлатимиз раҳбари.
2024 йили вилоятда 7 минг янги тадбиркор иш бошлади, 47 та корхона кичикдан ўртага ўтди, 10 дан ортиқ тадбиркорнинг айланмаси 200 миллиард сўмдан ошди. Буларнинг ҳисобига вилоятда бир йил ичида 290 минг аҳоли ишли бўлди. Лекин, катта ўзгаришларга қарамасдан вилоятда камбағаллик ҳали ҳам 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз экани, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган атиги 1 та корхона борлиги қайд этилди.
Шу боис, вилоят раҳбарияти, 13 та туман ҳокими ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмадаги муаммоларни ҳал қилиш учун қатъият ва масъулият билан ҳаракат қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда иқтисодий комплекс масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, вилоятимизда 2025 йилда камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 60 триллион сўмдан ошириш, ишлаб чиқаришни 6,5 фоиз, савдо ва хизматларни 15 фоизга ўстириш, 265 минг аҳолини банд қилиб, 104 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш асосий вазифа бўлиши белгиланди.
“Энг асосийси, бу ишларнинг натижасини одамлар кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак”, - деди Президент.
Йиғилишда қурилиш ва инфратузилма соҳаларидаги вазифалар муҳокама қилинар экан, жорий йилда Хоразмда 12 триллион сўмлик пудрат ишларини бажариш, қурилишда 20 минг нафар аҳолини банд қилиш, 7 минг хонадонли 200 та кўп қаватли уй қуриш, 1,5 минг километр йўл ва 20 та кўприкни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 80 та автобус олиб келиб, 6 та янги йўналишни ишга тушириш мақсад қилиб олинди.
Шунча имконият, енгиллик аҳолига барқарор даромад манбаини яратишга, иш ўринларининг доимийлиги ва кенгайишига асос бўлишидан очиғи, ниҳоятда қувондим.
Умид қиламизки, яхши ният билан бошлаган ишларимиз хайрли бўлади, вазифалар сидқидилдан бажарилади. Мендаги ҳозирги хушкайфият бутун хоразмликлар, бутун халқимизда бор, деб ишонаман. Чунки, ҳар бир ислоҳот, ҳар бир режа, айнан бизнинг, сизнинг ва халқимизнинг манфаати учун хизмат қилади.
Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси:
– Бугун Янги Ўзбекистон шиддат билан ривожланаётганини, шунга монанд унинг бағридаги ҳар бир ҳудуд ҳам нурли истиқболнинг ойдин йўлига чиқиб олганини ҳар бир ватандошимиз юракдан ҳис қилиб яшамоқда. Ва не бахтки, буни маърифатли дунё ҳам тан олмоқда. Марралар, интилишлар, ҳаракатлар ҳам шунга яраша!
Жорий йилнинг 1-2 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи давомида бу жараён янада яққол намоён бўлди...
Ташрифнинг биринчи куни Урганч темир йўл вокзалидан электрлаштирилган поезд вагонида Президентимиз билан ҳамроҳликда Хивага йўл олар эканмиз, йўл бўйи нуронийлар билан бўлган мулоқотда давлатимиз раҳбарининг Хоразм элига, унинг шонли тарихи ва буюк аждодларига бўлган чексиз эҳтироми ҳар бир сўзида барқ уриб турганини юракдан ҳис қилдим. 2026 йилдан Тошкент – Хива йўналишида Жалолиддин Мангуберди номидаги тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилишини айтганларида эса тафаккуримни ғурур ва ифтихор чулғади.
2023 йилда буюк Жалолиддиннинг маҳобатли ҳайкали “Қорадали” оти билан Урганч шаҳрининг қоқ марказида қад ростлаган эди. Энди учқур қанот поезд номи билан Хоразмга қайтмоқда. Бу орқали халқимизнинг оғир, оғриқли тарихи билан бугунги янги, саодатли тарихини бир нуқтада бирлаштириб, ўсиб-униб келаётган фарзандларимиз учун Ватанга муҳаббат ва садоқатнинг, Ватан учун жон фидо қилганлар асло унутилмаслигининг, бугунги саодатлар осмондан тушмагани, миллат тинчлиги, озодлиги учун не-не аждодларимиз матонатли курашлар олиб борганининг тасдиғи, осойишта ва дориломон кунлар шукронасининг асл мактабига асос солинди.
Тезюрар поезд ишга тушадиган бўлса, Тошкент шаҳридан чиққан йўловчи атиги етти соатда Хоразмга етиб келади! Янги Ўзбекистондаги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанглик бундан ортиқ бўладими?
Ҳақиқатга айланган афсоналар...
Поездимиз йигирма уч дақиқада Хива вокзалига етиб келди. Эндиги манзилимиз – Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган янги туризм маркази – «Арда Хива» мажмуаси! 1997 йилда Хива шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланган эди. Қадимий Хива қарийб шунча даврда бугунгидай қиёфа касб этган.
Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли олти ойда Ғовуқ кўли атрофидаги сайхон ерларда Хива “Ичанқалъа”сининг эгизаги – «Арда Хива» сайёҳлик маркази қад ростлади! Биз хоразмликлар Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган “Боқий Самарқанд” мажмуасига ҳавас қилиб юргандик! Хоразмдаги «Арда Хива» ҳам ундан қолишмайдиган даражада - Янги Ўзбекистондаги яратувчанлик, бунёдкорлик салоҳиятининг юксак намунаси сифатида гўёки афсоналардаги дев-у паҳлавонлар кўз очиб юмгунча, саройлар, кошоналар бунёд этгандагидай шаҳд-у шижоатни ёдга солади! Лекин бу ерда эртаклардагидай бир кошона эмас, бутун бошли бир шаҳар бунёд бўлган! Кўрган кўз ишонмайди!
Халқаро сайёҳлик мажмуаси воҳанинг туризм истиқболида мутлақо янги саҳифа очиб беради. Шаҳарчада 1080 ўринли 5 та меҳмонхона, 13 та меҳмон уйлари, бир йўла 2000 нафар кишига хизмат кўрсатувчи очиқ ва ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, мусиқий фавворалар шу қадар мумтоз бир меъморий ансамбль ҳосил этганки, бу муҳташам гўзалликлардан лол қолиб суратларга муҳрлаётган сайёҳларни тушунса бўлади. Уларга боқиб, шоир кўнглим яна жўшади, тўлиб-тошади: Майли, улар юртимизнинг бетакрор қиёфаси акс этган суратларни ўз ватанларига олиб кетаверишсин, лекин асл «Арда Хива» бизники, у Президентимизнинг Хоразм элига ноёб, бебаҳо, беқиёс туҳфаси бўлиб, асрларга татийди!
Бу ҳайратомуз, мафтункор гўшада тарих музейи, Шарқ бозори, савдо дўконлари, 9 та ресторан, 5 та кинотеатр ва концерт заллари, кўргазмалар павильони, заргарлик маркази, ҳунармандчилик уйлари, сув мототуризми ва қайиқларда сайр қилиш имконияти мавжуд бўлади. Улар бағрида келажак авлодлар яйраб-яшнайди. Ватаннинг шу мўъжизавий гўшасидан сарбаланд орзуларига қанот олади. Бўйи- бастини, мақсадларини улуғвор Ватанга қараб ростлайди.
Илм-у ижод – юксалишлар гарови
Президентимиз билан бири-биридан ҳашамдор, миллий ва замонавий меъморчилик андозалари уйғунлашган биноларни айланиб, янги хусусий меҳмонхона ҳовлисида анча туриб қолдик. Халқимизнинг илмий салоҳияти, юксак тафаккури билан дунёга танилгани, Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш ҳақидаги қарорга имзо чекканлари, бу даргоҳда чет давлатлар олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда юқори даражадаги таълим жараёни ташкил этилиши, ўқишлар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилиши, дастлаб икки юз нафар, кейиинги йилларда талабалар сони тўрт-олти минг нафарга етиши, Тошкентдаги Ал-Хоразмий математиклар мактабининг филиали шу ерда иш бошлаши хусусида сўз юритилар экан, ҳар томондан хоразмликларнинг раҳматлари, миннатдорлик сўзлари янграрди.
Айниқса, ердан ўттиз бир метр баландликда бунёд этиладиган Ал-Хоразмий бобомиз ҳайкали Хоразмнинг яна бир ташриф қоғозига айланади!
Шу дақиқаларда мен учун ҳам энг ҳаяжонли лаҳзалар содир бўлди. Юртбошимизнинг ижод аҳли олдидаги вазифалар ҳақида тўхталиб, билдирган фикрлари юрагимда акс-садо берди: ҳақиқатда, муқаддас Хоразм тупроғида иншо этилган – “Авесто”дан тортиб, то ҳанузгача яратилаётган дурдона битиклар - бу замин кишиларининг қонида, жонида яшаб келаётган, аждодлардан авлодларга бехато, бенуқсон ўтаётган бебаҳо тафаккур ва салоҳиятнинг, беназир истеъдоднинг рад этилмас кафолатидир!
Киндик қони шу заминга тўкилиб, номи бутун жаҳонни забт этган буюк Хоразмий боболаримиз илм билан баробар ҳикмат ва шеъриятни ҳам бирдек азиз тутганлар!
Ўшал қутлуғ ўзанлардан сув ичиб, қувват олиб, адабиёт бўстонида ҳар доим ўз сўзини айтиб келган эл бу! Президентимиз ташрифига устоз адибимиз Қурбон Муҳаммадризонинг “Ал-Хоразмий” тарихий романи ёзиб тугаллангани қувончли туҳфа бўлди!
Давлатимиз раҳбарининг “Адабиёт - халқнинг юраги” деган юксак эътирофи қалам аҳлининг қадр-қимматини, эъзоз ва эҳтиромини энг баланд шоҳсупага олиб чиқди.
Ҳаммамизни бирдек мафтун этаётган “Адиблар хиёбони” да ҳазрат Навоийга ёндош қилиб Огаҳий бобомиз ҳайкали ўрин олгани, таржима соҳасида Огаҳий номидаги Халқаро мукофот таъсис этилганига акс-садо ўлароқ Хоразмда бугун ҳам кучли адабий муҳит ҳукмрон. 2020 йилдаги ташрифи чоғида Президентимиз Хива хонлари ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратиш хусусида айтиб ўтган эдилар. Ушбу даъватдан илҳом ва шижоат олган адибларимиз миллий адабиётимиз хазинасини Хива хонлиги тарихига оид учта трилогия, Оллақулихон, Феруз, Темирғози тўра, Абулғози Баҳодирхон ҳақидаги тарихий романлари билан бойитдилар.
Бармоғимдан танга энган жоним-лазгим...
Кейинги манзилимиз 3000 ўринли амфитеатр бўлди. Давлат раҳбарининг табриги йиғилганларнинг юракларига бу куннинг мазмуни ва моҳиятини, саодати ва шукронасини, бахт-у тароватини муҳрлади.
Дарвоқе, мозий тамаддунининг олтин бешикларидан саналган Хоразм тарихи, буюк алломалар, шерюрак баҳодирлар, шоир-у фузалолар сиймолари акс этган лавҳалар дилларимизни фақат одам боласигагина ато этилган буюк ифтихор туйғуси билан сийлади.
«Арда Хива» мажмуасида намойиш этилган концерт дастури маданият, санъат оламида биз етиб келган марраларнинг ҳақиқий инъикоси, байрамларнинг гултожи бўлди! Авж пардада янграган “Хоразм лазгиси”нинг таъриф-у тавсифига эса шоирлар қалами ожиз.
Бугун дунё халқлари севиб тинглаётган, шодланиб рақс тушаётган “Хоразм лазгиси” бежиз ЮНЕСКОнинг номоддий-маданий мерос рўйхатига киритилмаган. Муаззам саҳнадаги ижролар бир ён бўлса, тадбирга таклиф этилган чет эллик сайёҳларнинг рақслари бир ён бўлди!
Менинг эса қалбим ғурур ва ифтихор, шукроналик туйғуларига тўлиб борар, дил изҳорларим худди шу “Хоразм лазгиси”нинг хонишлари янглиғ юрагимдан отиларди.
«Ўзбекистон овози», 7.5.2025, №18