Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштириш, интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама этилди.
Фракция аъзолари лойиҳаларни кўриб чиқиш давомида Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун тенг ва адолатли шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ташаббускорлар томонидан саноат мулки ва муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги айрим қоидаларни халқаро амалиёт ва шартнома эркинлиги тамойилларига мувофиқлаштириш зарурати юзага келаётгани таъкидланди. Шу боис, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, хизмат асарларига бўлган мулкий ҳуқуқларнинг 10 йил ўтгач автоматик равишда муаллифга ўтишига оид қоидани бекор қилиш, бу масалани томонларнинг келишуви асосида белгилаш таклиф этилмоқда.
Депутатлар фикрича, хизмат асарларига бўлган мулкий ҳуқуқларни белгилашда томонларнинг келишуви устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, ходимнинг меҳнати натижасида яратилган интеллектуал маҳсулотга нисбатан унинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланиши масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур.
Жараёнда фракция аъзолари бир қатор саволлар билан ташаббускорларга юзланди.
Жумладан, депутат Зокиржон Зоҳидов интеллектуал мулк эгалари томонидан патент олиш учун қилинган мурожаатларнинг рад этилиш сабабларини апелляция шикояти кўриб чиқилганига қадар очиқлашга нималар тўсқинлик қилиши, шу билан бирга, экспертларнинг қайси мезонлар асосида жалб этилишига қизиқди.
Фракция аъзоси Анвархон Темиров интеллектуал мулк эгалари патент бўйича давлат божини тўламагани сабаблари таҳлилига эътибор берган бўлса, фракциянинг яна бир аъзоси Фирдавс Шарипов нега қонун лойиҳаси билан патентларни ўз кучида сақлаш учун белгиланган божларни беш йиллик давр учун олдиндан тўлаш имконияти яратилаётганига изоҳ сўради.
Ташаббускорлар саволларга изоҳ ва тушунтиришларини берди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига чет эл инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ва инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида парламент сўровини юборишни маъқуллашди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳамда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.