Бош мақсад — бола ҳуқуқларини таъминлаш
Бош мақсад — бола ҳуқуқларини таъминлаш

 

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган мазкур қонун жамиятда бола ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг хавфсиз ва соғлом муҳитда камол топиши учун зарур ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Унда болаларнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, уларнинг гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштирилишини махсус тартиб асосида ўтказиш, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлашга оид нормалар белгиланмоқда.

Шунингдек, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланяпти. Бу эса болалар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарорларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини таъминлашга ёрдам беради.

Ҳужжатда таълим ташкилоти ходими томонидан таълим-тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этилиши меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун асос бўлишига оид қоидалар назарда тутилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу таълим муассасаларида болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва шаънини ҳимоя қилиш, педагог ходимларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур ҳужжат болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, зўравонликнинг барвақт олдини олиш ҳамда улар учун хавфсиз, соғлом ва барқарор муҳитни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш