Фарғона вилоятида қурилиш ишлари ва маҳалла фаолияти ўрганилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шокиржон Аҳмедов Фарғона вилоятида очиқ мулоқот ва ўрганишлар ўтказиб, ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда маҳаллалар фаолияти билан танишди.

Жумладан, Бувайда туманида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026-йил 1-мавсуми доирасида ғолиб деб топилган 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида замонавий мини футбол ва волейбол спорт майдончасини қуриш лойиҳаси жойига чиқиб ўрганилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 млрд 399 млн 191 минг сўмни ташкил этади. Тендер савдолари якунларига кўра “Шарқ Элегант Билдинг” МЧЖ пудратчи этиб белгиланган бўлиб, айни пайтда ер тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида қурувчи ташкилот ҳамда қурилишни назорат қилувчи масъулларга ишларни лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ва белгиланган муддатда якунлаш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Шокиржон Аҳмедов ҳамда халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлари Алишер Умаров ва Нодир Тажибоевлар Фарғона шаҳридаги “Мурувват” маҳалласида “маҳалла еттилиги” ва фаоллар билан учрашди.

Учрашувда “маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишилиб, аҳолини қийнаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, бошқарув сервис компаниялари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда айрим фуқароларнинг кўп квартирали уйлар ҳудудини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиши билан боғлиқ муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Кўтарилган масалалар юзасидан маҳалла фаолларига тегишли тушунтиришлар берилди ҳамда муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича масъул идоралар вакилларига тегишли кўрсатмалар берилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш