Кейинги йилларда туркий халқлар ўртасида қардошлик, яқин дўстлик ва биродарлик муносабатлари турли соҳаларда кенгайиб бормоқда. Стратегик келишувлар, олий даражадаги самимий учрашувлар асосида эришилаётган улкан ютуқлар барча туркий халқларни бирдек қувонтирмоқда, умумий бирдамлик руҳини тобора мустаҳкамламоқда.
Ўз навбатида, дунё сиёсат майдонида мамлакатларимизнинг ҳурматэътибори ошиб бормоқда.
Жорий йилнинг 15 май куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан муштарак мақсадларни амалга ошириш йўлида геосиёсий, иқтисодий, экологик, умумтуркий киберхавфсизлик ва ёшлар сиёсатига оид янги амалий таклифлар илгари сурилди.
Бугунги глобаллашув ва геосиёсий мураккабликлар шароитида туркий дунё интеграциясини янада кучайтириш, умумий тарихий ва маданий илдизларга таянган ҳолда ягона туркий тараққиёт маконини шакллантириш зарурлиги чуқур таҳлиллар билан асослаб берилди.
Саммит доирасида сунъий интеллект, рақамли технологиялар, киберхавфсизлик, экология ва ёшлар сиёсати каби йўналишларда илгари сурилган ғоялар чуқур амалий аҳамиятга эга.
Жумладан, “Рақамли туркий коридор”, сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик, қўшма венчур жамғармаси ва киберхавфсизлик бўйича Туркий альянс ташкил этиш юзасидан билдирилган таклифлар умумтарихий илдизга эга давлатларнинг нафақат бугунги, балки келажакдаги умумий тараққиёти учун ҳам муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши табиий.
Бундан ташқари, глобал технологик жараёнларни инобатга олган ҳолда, ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш лозимлиги қайд этилди. Ушбу ташаббус квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Албатта, илғор рақамли технологиялар, сунъий интеллект бугун ҳаммамизнинг кундалик ҳаётимизга чуқур кириб келмоқда, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.
Бу соҳалар мингминглаб янги иш ўринлари, барқарор даромад манбалари яратилишига шароит ва имконият яратмоқда. Ёшлар ўзини намоён қилиши, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун мустаҳкам платформага айланмоқда.
Демак, шундай вазиятда қардош туркий давлатлар ўртасида рақамли ҳамкорлик кенгайиши қатор ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга, ёш авлод ўртасида янада яқин ва фаол мулоқот муҳитини ўрнатишга катта йўл очади.
Саммитда кўтарилган масалалар нафақат сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан, балки қонунчилик ва институционал ривожланиш йўналишида ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Ягона рақамли туркий макон яратишга қаратилган ташаббуслар ташкилотга аъзо давлатларнинг миллий қонунчиликларини ўзаро уйғунлаштиришни тақозо этади. Бу миллий парламентлар олдига ҳам муҳим вазифалар қўяди.
Умуман, ушбу саммит туркий давлатларнинг ўзаро ишонч, бирдамлик ва стратегик шериклик тамойилларига содиқ эканини ифодалади. Билдирилган ташаббуслар “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепциясида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.
“Ўзбекистон овози” газетасининг 20-сонидан