Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир нечта қонун лойиҳалари, хусусан, низосиз ишларни ҳал этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоясини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда дастлаб, низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳада базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган низосиз ишларни нотариуслар томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда. Бунда нотариуслар ижро хатларини ижро органига электрон юбориши мумкинлиги, ижро хатларини ёзганлик учун ундириладиган давлат божи миқдорини тартибга солиш кўзда тутилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳаси судьялар иш юкламасининг камайишига ҳамда ортиқча ресурс сарфланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Фракцияда шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси билан истеъмолчиларнинг бир қатор ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамланиши белгиланмоқда.
Хусусан, амалдаги қонунчиликда нуқсонлари аниқланган товарни алмаштириб бериш учун унинг сифатини қўшимча равишда текшириш асослари ва тартиб-таомиллари кўрсатилмаган. Бу, ўз навбатида, товарни сотувчи томонидан алмаштириш муддати асоссиз равишда чўзилишига ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда низоли ҳолатларнинг келтириб чиқараётган эди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда, сотувчи уни, агар айнан шундай маркали товар унда мавжуд бўлса, дарҳол алмаштиришга мажбурлиги белгиланмоқда.
Халқ вакиллари қонун лойиҳасининг долзарблигини қайд этиб, унинг тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунга айланаётганини таъкидлашди. Депутатлар шу билан бирга лойиҳадаги “дарҳол” тушунчасига эътибор қаратиб, уни янада аниқлаштириш ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қўшимча таклифларини билдиришди.
Кун тартибидан ўрин олган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, якунда тегишли қарорлар қабул қилинди.