Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни устувор мақсадлардан бири сифатида белгилаган.
Шу сабабдан партия депутатлик корпуси ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар ижросини ҳудудларда мунтазам ўрганиб бормоқда. Жараёнда масъул идоралар, соҳа мутахассислари иштирокида мавжуд вазиятнинг таҳлилига бағишлаб мулоқотлар ўтказилмоқда.
Партия Жиззах вилоят кенгаши томонидан “Бандлик ва меҳнат муносабатлари – ёшлар учун имкониятлар” мавзусидаги семинар ҳам шу мақсадда ташкил этилди.
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси Нуриддин Холматов ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича Халқ демократик партияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ва амалий ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Муродбек Рахмонбердиев давлат субсидиялари асосида ёшлар бандлигини таъминлаш, ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш борасида вилоятда эришилган натижалар ва уларнинг самарадорлигини таҳлил қилиб берди.
Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси масъули Акбар Файзиев “Бандлик меҳнат муносабатлари – ёшларни иш билан таъминлашда амалга оширилган ишлар” мавзусида тақдимот қилиб, йиғилганларни ёшлар бандлиги бўйича вилоятдаги реал ҳолат билан таништирди.
Унга кўра, ўтган 2025 йил давомида туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига 11 974 нафар ёшлардан бандлик масаласида мурожаат келиб тушган. Улардан 9682 нафарининг бандлиги таъминланган. Хусусан, 6963 нафари доимий иш ўринларига, 2719 нафари касб-ҳунар ўқув марказларига жойлаштирилган.
Семинарда вилоят ёшларининг бандлик ҳолати, меҳнат муносабатлари таҳлили ва улар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилди.
Халқ демократик партияси масъуллари амалга оширилаётган чора-тадбирлар муайян натижалар бераётган бўлса-да, ёшларнинг бандлик даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
Таҳлиллар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш учун ҳали олдинда талайгина вазифалар борлигини кўрсатди.
Шунинг учун партия ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда ишлаши ёшларни барқарор иш билан таъминлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.