Партиямиз Тошкент вилояти кенгаши ташаббуси билан Паркент туманида партиянинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада кучайтириш, депутатлик корпуси самарадорлигини ошириш ва аҳоли билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши ҳамда Тошкент вилояти кенгашининг масъул ходимлари, 22 та шаҳар ва туман кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирлар дастури доирасида аввало Паркент тумани “Номданак” қишлоғида истиқомат қилувчи 101 ёшли нуроний Анорбой ота Жалилов хонадонларига ташриф буюрилиб, уларга партия тизими ривожига қўшган ҳиссаси ва кўп йиллик ижтимоий фаоллиги учун “Партия фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Бу каби эътирофлар партиянинг инсон қадрини улуғлаш ва авлодлар ворисийлигини таъминлашга қаратилган устувор сиёсатининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Шундан сўнг, “Депутатлик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро алоқа ҳамда ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш” мавзусида тажриба алмашишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинар давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари Юлдуз Убайдуллаева, Хусниддин Мухиддиновлар томонидан депутатлик назоратини амалга ошириш амалиёти, ҳудудларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, партия гуруҳлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан тақдимотлар ўтказилиб, илғор тажрибалар ўзаро муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида ҳудуд ёшлари иштирокида “Депутат ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Мазкур мулоқот майдонида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва сиёсий фаоллигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Масъулларимиз Паркент туман Ободонлаштириш бошқармаси фаолияти юзасидан депутатлик назоратини амалга ошириб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиб “Депутатлар боғи” ташкил этилди.
Мазкур ташаббуслар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбирлар якунида партия сафига янги аъзолар қабул қилиниб, бу партиянинг ҳудудлардаги ижтимоий таянчи кенгайиб бораётгани англатади.