“Ёшлар куни” муносабати билан Бухоро педагогика институтида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Унда тажрибали устозлар, фаол жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар бир даврада жам бўлиб, ўзаро фикр алмашди.
Учрашувда Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Зулфия Тўева ҳам иштирок этиб, ёшлар билан мулоқот ўтказди. У ўз нутқида ёшларнинг жамиятдаги ўрни, уларни қўллаб-қувватлаш ва кенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбир давомида ёшларнинг таълим олиши, келажак режалари, жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда катта авлод тажрибасидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Катта авлод вакиллари ўз ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашиб, ёшларни билим олишга интилиш, меҳнатсеварлик ва Ватанга садоқат руҳида фаол бўлишга чақирди.
Самимий руҳда ўтган учрашув ёшлар учун муҳим мотивация бўлиб хизмат қилди ҳамда турли авлод вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва мулоқотни янада мустаҳкамлади.