Ўзбекистон Халқ демократик партияси Когон туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Саида Шарипова тумандаги Сиёз-Поён ҳамда Мустақиллик оилавий шифокорлик пунктларида бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизматлар ҳолатини ўрганди.
Ўрганишлар давомида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд тиббий жиҳозлар ҳамда дори-дармонлар таъминоти ҳам кўздан кечирилди. Шунингдек, тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда тизим самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Депутат томонидан, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, профилактик кўриклар ташкил этилиши ҳамда касалликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, оилавий шифокорлик пунктида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш ҳамда тиббиёт ходимларининг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар билдирилди.
Таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда жойларда мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимини топиш борасидаги бундай амалий ўрганишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.