Қонунларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси ҳам, санкциялар ҳам аниқ белгиланиши лозим

 

Бугун Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқ демократик партиясининг навбатдаги фракция йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, давлат бошқаруви ва давлат хизматлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, уларнинг ижтимоий аҳамияти ва амалиётда қўлланилишига доир фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги биринчи масала “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган эди. Депутат Д.Мамажанованинг фикрига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда маҳаллий кенгашларнинг ролини янада мустаҳкамлаш зарур.

Йиғилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонунда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги майда безорилик, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувларда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни ёки ҳарбий хизматга ёлланишни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик, шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарлиги тасвирланган маҳсулотларни тарқатганлиги, реклама қилганлиги, намойиш этганлиги, шунингдек банд солинган ёхуд ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида хатланган мулкни қарздор томонидан қонунга хилоф равишда тасарруф этганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда ҳам узоқ муҳокама қилинган эди. Қонун ижодкорлари лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида фракция томонидан билдирилган эътирозлар ва аниқлаштирилиши керак бўлган жиҳатларга эътибор қаратган.

Лойиҳа иккинчи ўқишда ҳам узоқ муҳокама қилинди. Жумладан, депутат Ш.Назаров қонун лойиҳасининг айрим нормаларини янада такомиллаштириш лозимлигини таъкидлади. Масалан, лойиҳанинг банд солинган, ундирув қаратилган ёхуд ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида хатланган мулкни қарздор ёки ишониб топшириб қўйилган шахс томонидан яшириш, йўқотиш ёхуд унга шикаст етказиш ҳолатлари билан боғлиқ меъёрга аниқлик киритишни сўради. Депутатга кўра, юқоридаги ҳолатлар аниқ очиб берилиши ва меъёрлар ўртасида мутаносиблик таъминланиши керак, акс ҳолда, лойиҳанинг концепцияси бузилиши мумкин. Бу борада қўшимча фикр алмашувлар ўтказилиши билдирилди.

Фракция вакиллари маъмурий жавобгарликка оид ҳар бир нормани кўриб чиқаётганда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қай даражада ишончли ҳимоя қилинаётгани, одамларга ортиқча маъмурий босимнинг олдини олиш нуқтаи назаридан муҳокамадан ўтказишади.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш