Инсон саломатлиги — энг олий қадрият
Инсон саломатлиги — энг олий қадрият

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувида белгиланган устувор вазифалар мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди.

Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 мингта шифо ўрни яратилган. Замонавий тиббиёт муассасаларининг кўпайиши ва хусусий секторнинг ривожланиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошган.

Шифокор сифатида таъкидлашни истардимки, тиббиётнинг асосий вазифаси нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олиш, хасталикларни эрта аниқлаш ва ҳар бир инсоннинг сифатли тиббий ёрдам олишини таъминлашдан иборат. Бу борада 28 та туманда синовдан ўтказилган янги тизим доирасида 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга бириктирилгани муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, бешта ҳудудда инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури натижасида беш ой ичида ушбу касалликлардан эрта ўлим 15 фоизга камайгани, 855 нафар инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга эришилгани профилактик тиббиётнинг нақадар муҳимлигини тасдиқлайди.

Келгуси йилдан бирламчи тиббий ёрдамнинг янги модели яна 100 та туманда жорий этилиши, аҳолига бепул бериладиган дори воситалари тури 73 тага, тиббий текширувлар тури эса 36 тага етказилиши режалаштирилмоқда. Онкологик касалликларни эрта аниқлаш дастурларининг 2028 йилдан барча ҳудудларда йўлга қўйилиши ҳам касалликларнинг олдини олиш ва уларни дастлабки босқичларда даволаш имкониятларини кенгайтиради.

Аслида тиббий хизматнинг сифатлилиги ҳар бир фуқаро ҳаётида сезилиши, профилактик назоратни аҳолига янада яқинлаштириш ва инсон қадрини эъзозлаш бу борада асосий вазифамиз бўлиши лозим. Зеро, соғлом инсон — фаровон оила, барқарор жамият ва юксак тараққиётнинг асосидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси сифатида айтишим мумкинки, тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳам эътиборга молик. Соҳада камида 15 йил ишлаган ходимларнинг ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилиши, ҳар йили 500 нафар ёш тиббиёт ходимининг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қопланиши, олис ҳудудларда иш бошлаган шифокорларга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули берилиши соҳа вакилларининг меҳнатини қадрлаш ва улар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш