Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси мамлакатимизда ижтимоий адолат, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни ўзининг устувор вазифаси, деб ҳисоблайди. Фракция мухолиф сиёсий куч сифатида давлат дастурлари ва уларнинг ижросини, қонун ижодкорлиги жараёнларини танқидий-таҳлилий ёндашув асосида кўриб чиқиб, аниқ таклиф ва ташаббусларини билдиришда давом этмоқда.
Бугунги фракция йиғилишида жорий йилнинг 25–28 февраль кунлари ХДП фракцияси аъзолари ўз сайлов округларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар натижалари, ўрганилган ижтимоий объектлар фаолияти таҳлили ҳамда фуқароларда келиб тушган мурожаатлар атрофлича муҳокама қилинди.
Бу галги ўрганишлар давомида, депутатлар кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва нафақахўрлар муаммолари ўрганилди ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш амалиётидаги муаммолар батафсил таҳлил қилинди. Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти юзасидан аҳоли фикрлари эшитилиб, бандлик, арзон уй-жой, коммунал хизматлар сифати ҳамда тиббий хизматдан фойдаланиш масалалари бўйича таклиф ва шикоятлари тингланди.
Шунингдек, фракция аъзолари ўрганиш ва мулоқотларда аниқланган муаммолар юзасидан тегишли парламент сўровларини юбориш, масъул вазирлик ва идоралар билан муҳокамалар ўтказиш ҳамда зарур қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқишни режалаштиришди.
Зеро, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси сўл ғояларга асосланган сиёсий куч сифатида мамлакатда ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлашга қаратилган конструктив, аммо принципиал позицияда туради. Партия фракцияси фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий муаммоларга ечим топиш ва давлат сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтириш борасида ўз фаолиятини изчил давом эттиради.