Фракциямиз аъзолари Одилжон Иминов ва Анваржон Нурматовлар Андижон Техника институтида ёшлар билан очиқ мулоқот ўктазишди.
Депутатлар юртимизда навқирон авлод вакилларига қаратилаётган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини, уларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ёки тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшларга “Келажакка бир қадам” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида атрофлича сўз юритишди.
Ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритилиб, бу ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори экани қайд этилди.
Шунингдек, халқ вакиллари ёшларни фаолликка, ташаббускорликка ва ўз устида тинимсиз ишлашга чақирди. Бугунги имкониятлардан самарали фойдаланган ёш – эртанги кун етакчиси экани алоҳида урғуланди.
Депутатлар «Садоқат» ва «Бўстон» маҳаллаларида бўлиб, маҳалла еттилиги аъзолари билан суҳбатлашдилар. Улар қонунчиликдаги янгиликлар, мамлакатимизда маҳаллага, ёшларга берилаётган эътибор, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳозиргача эришилган ютуқлар ҳақида гапирдилар. Маҳаллалар фаоллари ўзларининг кундалик ишлари, одамларнинг кайфияти, фаолиятида учраётган муаммолар ҳақида маълумот бериб, уларни бартараф этиш юзасидан депутатлардан таклифлар олишди.