Ўзбекистон Халқ демократик партияси республикамизнинг барча ҳудудларида сиёсий-семинарлар ташкил этиб, унда такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили доирасида қабул қилиниши режалаштирилаётган Давлат дастури лойиҳаларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партия кенгашлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинмоқда.
Шундай сиёсий-семинарлардан бири партиянинг Наманган вилоятида ташкил этилди.
Семинарда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида ижтимоий адолат ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди.
Кейинги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, жамоатчилик назорати ва давлат бошқаруви каби соҳаларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган марраларни белгиланган муддатдан олдинроқ забт этилишига асос бўлди. Қолаверса, бугунги глобал иқтисодий жараёнлар, технологик ўзгаришлар ва халқаро майдондаги рақобат Ўзбекистон олдига янги вазифалар қўймоқда. Натижада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди.
Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли ривожланишини белгилаб берувчи умуммиллий тараққиёт дастури бўлиб, у Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг аниқ мақсадлари, устувор йўналишлари ва амалий механизмларини ўзида мужассам этаётгани, бунда инсон капиталини ривожлантириш, аҳоли салоҳиятини янада ошириш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, иқтисодиётнинг барқарор ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланаётгани айтилди.
Шунингдек, мулоқотда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида маҳалла институтини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш ва жойида ҳал этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.
Партия учун энг муҳим масала — стратегия ва дастурлар қоғозда эмас, балки халқ ҳаётида сезиладиган амалий натижалар билан ифодаланиши эканлиги таъкидланди.
Мулоқотда стратегия ва дастурларда белгиланаётган вазифалар ҳар бир оилага, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига кириб бориши, бу ислоҳотлар самарасини ўз турмушида ҳис қилиши учун жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарурлиги айтилиб, бу йўлда партия депутатлик бирлашмалари ҳамда ҳудудий ташкилотлари ҳамкорликда аниқ режа асосида ишлаб чиқилган самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсад қилинди.