Сайёр қабулда аҳоли мурожаатлари эшитилиб, муаммоларга ечим топилди

 

Ўзбекистон ХДП Тупроққалъа туман кенгаши томонидан “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Унда туман Кенгаши депутати Д.Хожиев Навбаҳор маҳалласи фуқаролари билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади.

Сайёр қабул давомида аҳоли томонидан моддий ёрдам, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ёшларни иш билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар кўтарилди.

Жумладан, фуқаро Р.Сапаров моддий таъминот масаласида, ёлғиз аёл Г.Жуманиёзова эса озиқ-овқатга эҳтиёжи борлиги юзасидан мурожаат қилди. Мазкур оилалар депутат томонидан ҳомийликка олиниб, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилди.

Шунингдек, боқувчиси йўқ аёл Д.Искандарова, фуқаро С.Жуманазаров ҳамда ёшлардан К.Хужаниёзов ва О.Оллабергановлар иш билан таъминлаш масаласида мурожаат қилишди. Депутат томонидан ушбу мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилиб, фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича ижобий натижага эришилди.

Маҳалла аҳолиси томонидан инфратузилмани яхшилаш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди. Хусусан, С.Давидов Дўстлик ва Мустақиллик кўчаларида пиёдалар йўлакчаси қуриш, шунингдек, Хоразм ва Ҳазорасп кўчаларида жойлашган чиқинди йиғиш майдончалари атрофига кузатув камералари ўрнатиш масалаларини кўтарди. Ушбу таклифлар бўйича депутат томонидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, уларга тезкор ва манзилли ечим топиш, шунингдек, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш