Партиямиз Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Рустамбек Турсунмурадов Оқолтин тумани “Аҳиллик” маҳалласида бўлиб, маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда ҳудуддаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар муҳокама қилинди.
Маҳалла раисининг маълум қилишича, ҳудуддаги 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш учун “Дизайн строй” МЧЖга 5 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилган. Қурувчилар таъмирлаш ишларини 2025 йилнинг июнь ойида бошлашган ва ишлар 2025 йил декабрь ойининг якунига қадар тугатилиши кўзда тутилган.
Бироқ, 2026 йил январь ойининг якунига етганига қарамасдан, таъмирлаш ишлари ҳанузгача тўлиқ якунланмагани қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда маҳалладаги 3 километр узунликдаги бетон ариқнинг яроқсиз ҳолдалиги деҳқон хўжаликларини сув билан таъминлашда муаммо туғдираётгани айтилди.
Депутат кўтарилган масалаларни ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича масъуллар иштирокида суҳбат ташкил этилди. Тегишли ташкилотлар муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўришини билдирди.