Ватан ҳимояси — муқаддас бурч
Ватан ҳимояси — муқаддас бурч

 

Сўнгги йилларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражаси изчил ошириб борилмоқда, мудофаа саноатининг салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилиб, машғулотлар сони ва шиддати 1,5 баробарга оширилди. Учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассислар тайёрлаш марказлари ташкил этилди. Қуролли Кучларимизнинг жанговор шайлиги ва тайёргарлиги даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Соҳада кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланди.

Бугун халқ ва армия бирдамлиги амалда таъминланиб, ёшларимизнинг армия сафларида она Ватанни ҳимоя қилишдек эзгу мақсадга ишончи, қизиқиши ортиб бормоқда. Табиийки, Ватан ҳимоячиларимиз бор экан, мустақиллигимизга, тинчлигимизга қарши қаратилган ҳар қандай ташқи хавфлар ўзларининг машъум ниятларига ҳеч қачон ета олмайди. Зеро, мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз тинчлигини таъминлашдир.

Давлат раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида ҳам соҳада эришилган натижалар таҳлил қилиниб, келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, соҳада ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилиши, муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши айтилди.

Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.

Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда миллий армиямизни дунёнинг энг юқори мудофаалари даражасига олиб чиқиш борасида катта қадамлар ташланди. Ўтган қисқа даврда ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди.

Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Асосийси, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни модернизация қилиш борасида олиб борилган изчил ислоҳотлар, тинимсиз изланишлар натижасида мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қодир бўлган, ҳар томонлама замонавий қуролланган, қудратли армиямиз шаклланмоқда.

Шу билан бирга, бугун шиддат билан ривожланиб бораётган давр соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда. Бу борада саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринасининг ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясининг қайта кўриб чиқилиши миллий хавфсизликни янада ишончли таъминлаш, давлат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Умуман олганда, тинчлик-осойишталикдан кўра азизроқ неъмат йўқ. Юрт нотинч бўлса тўй-томоша, хурсандчилик татимайди. Шундай экан, тинчликни асраб-авайламоқ ва бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш