Қонун лойиҳаларида кафолат, тенг имконият ва ҳисобдорлик бўлиши керак

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси қонун лойиҳаларини “маъмурий қулайлик” ёки “тартиб-таомилни соддалаштириш” деган умумий шиорлар билан эмас, балки, фуқаролар хавфсизлиги, ижтимоий кафолатлар, тенг имкониятлар ва давлатнинг ҳисобдорлиги нуқтаи-назаридан баҳолайди.

Бу галги фракция йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари ҳам айнан шу мезонлар асосида кўриб чиқилди.

Масалан, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизлигини назорат қилишда давлат назорати ва бошқарувининг янада такомиллаштирилишига қаратилган қонун лойиҳаси атрофида муҳокамалар узоқ давом этди.

Хусусан, депутат Анвархон Темиров лойиҳа бўйича қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Унга кўра, сейсмик хавфсизлик назоратида жавобгарлик занжири яъни, лойиҳалаш – экспертиза – қурилиш – қабул қилиш – эксплуатация бўйича шахсий масъулият аниқ белгиланиши, текширув натижалари, объектнинг сейсмик тоифаси, экспертиза хулосаси бўйича жамоатчиликка очиқ маълумотлар тақдим этилиши, энг асосийси, соҳада “қоғозда қабул қилиш” амалиётига чек қўядиган рақамли назорат ва мажбурий аудит нормалари белгиланиши лозим.

Йиғилишда муҳокама қилинган аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, шунингдек тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўйича ҳам партия позицияси аниқ билдирилиб, қатор таклифлар билдирилди.

Лойиҳага кўра, қонунчиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан қўшимча хизмат ҳисобланадиган тиббий ёрдам турлари пулли асосда кўрсатилиши, шунингдек аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малака тоифаси бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда.

Фракциямиз аъзоси Қизилгул Қосимова мазкур қонун лойиҳаси тиббиёт йўналишида олий таълим олаётган 4-5 курс талабаларининг бир вақтнинг ўзида ҳамшира ва ёрдамчи тиббиёт ходими каби маълум вазифаларда ишлаши тақиқланаётганига эътироз билдирди.

Депутатимиз кўра, юқори курс талабаларининг ўқиш даврида маълум вазифаларда ишлаб тажриба ортираётгани уларнинг эртанги фаолиятига катта ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари шу йўл билан пул топиб, ўзини-ўзи моддий таъминлаши, оиласига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаб, қонун ижодкорларидан бу жиҳатга эътибор қаратишни сўради.

Масъуллар лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бу масалани яна муҳокама қилиб кўришини билдиришди.

Йиғилишда муҳокама қилинган ҳар бир қонун лойиҳаси партия позициясидан келиб чиқиб, электорат манфаатлари инобатга олган ҳолда атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш