Марказий Осиё дунёда ўзига муносиб, муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда. Бу ҳар биримизни ғурурлантиради, айни пайтда, доимий масъулиятга ундаб туради. Кунчиқар юртда юксак даражада ўтган “Марказий Осиё плюс Япония” биринчи саммити, экспертлар қайд этганидек, тарихий аҳамиятга эгадир.
Жаҳонда геосиёсий зиддиятлар кучаяётган, ўзаро ишонч заифлашаётган даврда Ўзбекистоннинг ҳамкорлик ва бирдамликка интилаётгани қувонарли. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу халқимиз хоҳиш-иродасининг амалий ифодаси бўлмоқда. Тинчликни сақлаш ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бирлашиши, аминмизки, саммитда қатнашган барча мамлакатлар халқларини мамнун қилади.
Ўзбекистон Президенти саммитдаги нутқида ҳар томонлама чуқур ва кенг аҳамиятга эга фикрлар ҳамда таклиф-ташаббусларни илгари сурди. Донишманд япон халқининг улкан тафаккур хазинасидан келтирилган “агар кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам ўз ўрнидан силжитиш мумкин”, деган ҳикмат бундай форматдаги учрашувларга тўлиқ мос келади.
Аввало, ҳамкорлигимизни стратегик муҳим йўналишларда мустаҳкамлашга қаратилган Токио декларацияси қабул қилингани олқишланди.
Ҳар қандай ҳамкорлик аниқ мақсадни кўзлар экан, режа ва кўрсаткичларга эришишга асос бўладиган тизимли ҳужжатга эҳтиёж сезилади. Нутқда “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш тарафдори эканимиз билдирилгани шу маънода муҳимдир. Алоҳида қайд этилганидек, мазкур ҳужжатда минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва уларни глобал иқтисодий жараёнларга чуқур интеграция қилиш бўйича аниқ дастур ҳамда лойиҳаларни киритиш мумкин бўлади.
Албатта, иқтисодиёти, илм-фани, ишлаб чиқариши ва хизмат кўрсатиш тармоқлари сезиларли фарқланадиган давлатларнинг ҳамкорлигини амалий чуқурлаштириш кенг қамровли ёндашувни тақозо этади. Юксак даражадаги дипломатик келишувларни амалга ошириш, реал натижаларга эришиш кўп жиҳатдан олим ва экспертлар ҳамкорлигига, уларнинг биргаликдаги ташаббускорлигига боғлиқдир.
Ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартибини шакллантириш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш таклифи ҳаёт ҳақиқатига асосланган. Етук малакали ва тор диорадаги мутахассисларнинг ягона платформадаги мулоқоти янги ечимлар ва ташаббусларга асос бўлиши аниқ. Ўзбекистон музокаралар учун платформа тақдим этишга ва форумнинг илк мажлисини пойтахтимизда чақиришга тайёр экани билдирилди.
Транспорт масаласига келганда, “япон сифати” дунёдаги энг ишончлилардан бири ҳисобланади. Бу соҳада ҳамкорлик Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун муҳим янгиликларни олиб келишига шубҳа йўқ. Шунинг учун нутқда Япония замонавий ва ишончли транспорт инфратузилмасини яратишда катта тажрибага эга экани, минтақада транзит ва логистика тармоғини ривожлантиришда муҳим шериклардан бирига айланиши мумкинлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон тезюрар поездлар ва автомобиль йўлларини барпо этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштиришга Япония инвестициялари, технологиялари ва экспертларининг кўмагини жалб этишдан манфаатдордир.
Ҳар қандай юксак иқтисодий ривожланишнинг асосида кучли илм-фан туради. Шу жиҳатдан қараганда, Япониянинг таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги кўмаги Марказий Осиё учун, жумладан, Ўзбекистон учун зарур. Нутқда таълим, илмий ва академик алмашувларни бундан буён ҳам кенгайтиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз маълум қилинди.
Ўзбекистонда келгуси йили “Марказий Осиё + Япония” форматида таълим вазирларининг биринчи йиғилишини, шунингдек, минтақадаги етакчи университетлар ректорларининг илк форумини ўтказиш таклиф қилинди. Ўйлаймизки, бундай ташаббус истиқболли ёш авлод ўртасида фикр ва тажриба алмашиш жараёнини жадаллаштиришга, асосийси, гуманитар соҳаларда ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу борада нутқда яна бир таклиф илгари сурилди. Яъни, ёшлар ҳамжамиятлари ўртасида узоқ муддатли алоқаларни шакллантириш, уларнинг ижодий, технологик ва профессионал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган Ёшларни ривожлантириш минтақавий тармоқ дастурларини қабул қилиш тарафдори эканимиз билдирилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Парламентининг Вакиллар палатаси спикери Фукуширо Нукага билан ўтказган учрашувда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Парламентлар қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва Япония префектуралари ассамблеялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Кенг қамровли мулоқотлар Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари амалга ошишига кенг йўл очади. Иқтисодий юксалиш йўлидаги ҳамжиҳатлик ўз навбатида юртимиздаги ижтимоий масалалар самарали ҳал этилиши имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар рўёбга чиқиши Марказий Осиё ва Япония мамлакатлари ўртасида мулоқот муҳитини ривожлантиришга амалий ҳисса қўшади, халқларимиз фаровонлиги йўлидаги ҳамкорлик янги даражаларга кўтарилишига мустаҳкам асос бўлади. Биз бунга қатъий ишонамиз.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.