Ўзбекистон Халқ демократик партияси эл-юрт ривожига катта хизмати сингган нуронийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга қулай шароит яратиш, давлат ва жамият олдидаги муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.
Шунинг учун партия депутатлик корпуси орқали бу борада белгиланган дастур ва вазифалар ижроси бўйича манзилли ўрганишлар ўтказиб, мутасаддилар ва экспертлар иштирокида доимий муҳокамалар ташкил қилмоқда.
Тошкент шаҳридаги ўрганишларнинг дастлабки натижалари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида нуронийлар учун яратилган шароитлар ҳамма туманларда ҳам бир хил ва барқарор эмас. Айрим жойларда имкониятлар намунавий даражада бўлса, баъзи ҳудудларда эса нуроний отахон-онахонлар учун ҳатто минимал шароит ҳам яратилмаган.
Хусусан, Бектемир тумани “Роҳат” маҳалласидаги “Нурли маскан” мажмуаси намунавий тарзда ташкил этилгани, замонавий спорт майдончаси, югуриш йўлаклари, китоб ўқиш ва суҳбат қуриш учун қулай имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди.
Лекин Олмазор туманидаги “Мискин” ва “Шодиёна” маҳаллаларида ачинарли ҳолатларга дуч келинган. Маҳаллаларда дам олиш жойи бор, аммо газ таъминотидан узилганлиги сабабли хоналар совуқ, маскандан маълум вақт давомида маҳалла идораси сифатида ҳам фойдаланиб келинган.
Халқ демократик партияси депутатлари қайд этишича, нуронийлар масканларида асосан хоналарнинг таъмирталаблиги, кириб-чиқиш йўлакларининг кексалар фойдаланиши учун ноқулайлиги, иситиш ва санитария ҳолати талаб даражасида эмаслиги муаммолар тизимли тус олган.
Масъуллар, экспертлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини, таклиф-ташаббусларини билдиришди.
Пойтахтимизнинг барча маҳаллаларида Нуронийлар масканлари учун ягона минимал стандартлар қабул қилиш, мавжуд масканларни фақат таъмирлаш билан чекланмасдан, уларни ижтимоий фаоллик масканига айлантириш, қизиқишлар бўйича тўгараклар, саломатликка оид тренинглар, маданий ва маърифий учрашувларни йўлга қўйиш, умуман, Тошкент шаҳрини пиру бадавлат нуронийлар учун қулай маконга айлантириш ҳақида таклифлар илгари сурилди.
Дастлабки ўрганишлар ва жамоатчилик эшитувидаги илк муҳокамалардан кейин халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Халқ демократик партияси гуруҳи мажлисида таҳлилий кўриб чиқиш кераклиги қайд этилди. Нуроний отахон-онахонларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш доимий эътибордаги вазифа бўлиши зарур.