Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда депутатлар «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Бюджет жараёни такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Лойиҳага кўра, 2026 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратиш, солиқ юкининг адолатли тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш механизмларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қонун лойиҳалари муҳокамасида асосий электорати манфаатлари ҳамда сўл қанот партия сифатидаги сиёсий позициясига алоҳида эътибор қаратди.
Фракция аъзоси Анвархон Темиров солиқ тизимида барқарорликни сақлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, шу билан бирга, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига давлат томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар кўламини янада кенгайтириш, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун солиқ юкини янада қисқартириш, айрим тўлов ва йиғимларни босқичма-босқич камайтириш зарурлиги, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши юзасидан маълумотларни омма учун янада очиқ ва тўлиқ тақдим этиш, очиқ маълумотлар портали орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари партиянинг устувор мақсади эканлигига алоҳида урғу берилди.
Фракция аъзоси Фирдавс Шарипов лойиҳада акс этган айрим нормалар бўйича, хусусан, солиқ имтиёзларини беришда аниқ мезонлар ўрнатиш, натижа бермаётган имтиёзларни қайта кўриб чиқиш, янги ташаббусларни тажриба тариқасида алоҳида ҳудудларда синовдан ўтказиш бўйича таклифлар билдирди.
Йиғилишда фракция аъзолари Улуғбек Шерматов ва Сайёра Имомова мактабларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш, иситиш тизимлари ишлашини ташкил қилиш, шу йўналишларда молиявий манбалар барқарорлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Мутасадди ташкилотлар билан бу масалани атрофлича муҳокама қилиб, ҳудудларда таъсир чораларини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Депутатлар савол-жавоб, фикр-мулоҳазалардан кейин таклифларни илгари сурган ҳолда қонун лойиҳаларини маъқуллаб, қарор қабул қилди.