Пойтахтда пулли автомобил тўхташ жойлари учун ўрнатилан нархларни қайта кўриб чиқиш лозим
Пойтахтда пулли автомобил тўхташ жойлари учун ўрнатилан нархларни қайта кўриб чиқиш лозим

 

Кейинги йилларда пойтахтимиз инфратузилмасини яхшилаш, равон ва хавфсиз йўлларни барпо этиш, замонавий транспорт тизимини яратиш борасида муҳим ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳрида автомобиллар учун тўхташ жойлари бугунги кунда нафақат қулайлик, балки ҳаётий заруратга айланган. Пойтахт ҳокимлигининг тегишли қарори билан 14 мингга яқин пулли автомобил тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланган ҳамда ушбу ишлар қисқа вақт ичида жадал амалга оширилгани эътирофга лойиқ.

Бироқ ҳар қандай қарорнинг ижтимоий оқибати ва фуқаролар турмушига таъсири чуқур таҳлил қилинмоғи лозим.

Пойтахтимиз кўчаларида автомобил қўйиш жойларидан фойдаланиш ҳақи соатига 12 минг сўмдан бошлаб белгилангани, тушаётган маблағлар бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик етишмаётгани жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Албатта, барчамиз замонавий, тартибли ва қулай транспорт тизими бўлишидан манфаатдормиз. Бироқ, бундай тизим аҳолининг даромадлари ва имкониятларига мос бўлиши, ҳаётий зарур эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.

Масалан, пойтахт маркази ва унга яқин ҳудудларда ишлаётган юртдошларимиз иш вақти давомийлиги бўйича автомобилларини 8 соат атрофида пулли тўхташ жойларида қолдиришига тўғри келмоқда. Демак, кунлик тўлов 100 минг сўм атрофида бўлиб, ойлик тўлов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ҳам ортиб кетмоқда. Бу эса фуқароларнинг ўртача даромадларига қанчалик тўғри келаётгани жиддий масалага айланмоқда.

Пулли тўхташ жойлари бизга ҳар томонлама яқин бўлган қўшни давлатларда ҳам ташкил этилган. Уларда тўхтаб туриш нархи бир неча баробар арзон. Демак, биздаги тариф миқдори иқтисодий мантиқ ва ижтимоий адолат мезонларидан анча узоқлиги кўринмоқда.

Халқ демократик партияси пойтахтимиздаги пулли тўхташ жойлари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида қуйидагиларни маълум қилади:

Биринчидан, оммавий фойдаланишдаги хизмат учун ҳар қандай тариф ёки йиғим миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжлари инобатга олиниши зарур;

Иккинчидан, белгиланган тарифлар иқтисодий асосланиши, қайта кўриб чиқилиши, маблағлар қаерга тушаётгани, уларнинг қандай сарфланиши ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқланиши керак;

Учинчидан, ижтимоий объектлар, хусусан, давлат тиббий муассасалари, давлат хизматлари кўрсатиладиган марказлар ва “Инсон” марказлари, шунингдек кутубхоналар олдидаги пулли тўхташ жойларидан маълум вақт давомида бепул фойдаланиш имкониятини яратишни назарда тутиш лозим;

Тўртинчидан, савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзга эга шахслар учун бепул ажратилиши қатъий таъминланиши керак ҳамда мазкур меъёрни ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ;

Бешинчидан, қатор пулли тўхташ жойлари “қатнов қисмида тўхташ тақиқланади” белгиси ўрнатилган йўл қисмларида ташкил этилаётгани “пул тўланса – мумкин”, деган хулосани бермоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра тўхташ тақиқланган жойда тўловдан кейин тўхташ мумкин бўлаётгани тенглик тамойилларига зиддир.

Пойтахтимизда замонавий ва қулай транспорт тизимини ривожлантириш муҳим. Аммо у, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, ижтимоий адолат ва қулайлик тамойилларига асосланиши зарур.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш