Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг “Ер усти ҳалқа йўли” йўналиши ҳали ишга тушмагани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотлар юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК расмий баёнот бериб, йўналиш техник сабабларга кўра қисқа муддатли таъмирда бўлганини, аммо муаммолар бартараф этилиб, йўналиш яна фаолиятини бошлаганини маълум қилди.
Мазкур ҳолатни жойида ўрганиш ва аҳолига аниқ маълумот етказиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Зулфия Мўминова бошчилигидаги Ўзбекистон ХДПдан сайланган Янгиҳаёт туман Кенгаши депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Депутатлар “Қипчоқ” метро бекатида бўлиб, “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг амалдаги ҳолатини, техник жиҳатдан қайта ишга туширилганлигини ўрганди.
Ўрганиш давомида “Тошкент метрополитени” ДУК инженер-техниги Акмал Алиқулов билан учрашув ўтказилиб, техник таъмирлаш жараёни ҳамда йўналишнинг тўлиқ ишга туширилиши бўйича батафсил маълумот олинди.
Аниқланишича, “Ер усти ҳалқа йўли” йўналиши жорий йилнинг 1 ноябрь тонгидан бошлаб тўлиқ ишга туширилган ҳамда йўловчиларга мунтазам хизмат кўрсатишни бошлаган. Ҳозирда ушбу йўналиш бўйлаб 12 та ҳаракат таркиби 7 дақиқалик интервал билан қатнамоқда.
Депутатлар йўналиш фаолиятини ўрганиш чоғида метродан фойдаланаётган йўловчилар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини тинглашди. Фуқаролар метро йўналишининг қайта ишга туширилганидан мамнун эканликларини билдирган ҳолда, бу янгилик уларнинг кундалик ҳаётида катта қулайлик яратганини таъкидлади.
ЎзХДП шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари томонидан олиб борилган ўрганиш якунида транспорт инфратузилмасининг барқарор ишлаши аҳолининг ҳаёт сифати, қулайлиги ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Депутатлар мазкур йўналишнинг барқарор фаолияти устидан доимий мониторинг олиб борилишини маълум қилишди.