Халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг юртимизда, айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши жуда катта ижтимоий-сиёсий воқеадир. Дунёда нотинчликлар ортиб бораётган, бир-бирини тушуниш қийинлашаётган мураккаб даврда халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш бугун ҳар доимгидан ҳам муҳим.
Сессия очилишида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг олижаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканини, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёр эканини яна бир бор таъкидлади. Шубҳасиз, бу кўп миллионли юртдошларимизнинг кўнглидаги фикр, ҳамкорлик ва бағрикенглик халқимизнинг ҳаётий маслагидир.
Қайд этилганидек, давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Дарҳақиқат, жамиятда камбағаллик даражасининг мавжудлиги ёки ортиб бориши аввало таълим ва унинг сифат даражаси пастлиги, ижтимоий ҳимоя тизимининг сустлиги билан ифодаланади. Шу сабабли ҳам дунёда, давлатчиликда ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, етарли шароит яратиш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштириш зарур. Бу борада халқаро зарурият юзага келган десак, муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги асосий масалалар бўйича муҳим таклиф-ташаббусларни илгари сурган ҳолда, уларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда.
Илм олиш, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришда замонавий технологияларнинг аҳамияти кундан-кун ортиб боряпти. Лекин илғор технологияларга, сунъий интеллект ёрдамига барча болалар ҳам бирдек яқин эмас. Уларнинг туғилиб ўсаётган муҳити, оилавий шароити, таълим имкониятлари ҳар хил. Шунинг учун таълимда тенгликка эришиш, амалий чора-тадбирларни кўриш бутун дунёда муҳим вазифа бўлиб қолди.
Жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиши учун тенг имкониятларни яратиб бериш жуда муҳим. Бу борада ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш таклиф этилди.
Мазкур таклифнинг ижтимоий аҳамияти катта. Болалар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли таълимдан, дунёни билиб, унда муносиб ўрин эгаллаш имкониятидан маҳрум бўлиши керак эмас. Инклюзив таълим мана шундай имкониятни ҳар бир болага тақдим этиш учун муҳим. Юртимизда кейинги йилларда инклюзив таълимни ривожлантириш, таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган болалар билим олиши учун шароит яратиб бериш, барча болаларнинг бир хил муҳитда таълим-тарбия олишига эришиш бўйича катта ўзгаришлар кузатиляпти. Албатта, бу борада ҳали олдинда вазифалар кўп ва улар босқичма-босқич амалга оширилиши керак.
Нутқда дунёда долзарб бўлиб турган яна бир масала бўйича таклиф билдирилди. Бу – таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи бўлди. Профессионал таълим ёшларнинг ўзлигини англашида, ҳаётда муносиб ўрин топишида, оиласини қўллаб-қувватлаб, жамиятга қўшилиб кетишида катта аҳамиятга эга.
Айниқса, турли омиллар сабабли ёшларнинг доимий бандлиги, ижтимоий-сиёсий жараёнларда бевосита иштирок этиши масаласи фаол кун тартибига чиқмоқда. Айрим анъанавий касблар ўрнини замонавий кўникмалар эгалламоқда. Бундай вазиятда жисмоний, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъий назар, барча ёшлар профессионал таълим имкониятидан четдан қолмаслиги зарур. Шу асосларга кўра, Ўзбекистон таклифи халқаро ҳамжамияти томонидан фаол қўллаб-қувватланишига шубҳа йўқ, деб ўйлаймиз.
Халқ демократик партияси таълимни кенгайтириш, камбағалликни қисқартириш, ҳар бир фуқарога тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб бериш каби умумбашарий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, бу борада ўз дастурида белгиланган мақсад-вазифаларга эришиш йўлида астойдил ҳаракат қилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.