Фракциямиз аъзоси Ф.Шарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Инсон ижтимоий хизматлар маркази, махсус мактабгача таълим ташкилоти ҳамда маҳалларда ўрганишлар олиб борди.
Ўрганиш давомида таълим, ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари таҳлил қилиниб, мавжуд муаммо ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Аниқланишича, жойларда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ижтимоий хизматлар қамрови кенгайиб, камбағал оилаларни рўйхатга олиш ва уларга ёрдам кўрсатиш тизими самарадорлиги ошгани ҳамда таълим соҳасида замонавий педагогик ёндашувлар босқичма-босқич жорий этилаётгани оқибатида ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
Бироқ, бу жараёнлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар ҳам аниқланди. Хусусан: Кўплаб ижтимоий объектларидаги пандуслар стандарт талабларига жавоб бермайди. Бу эса ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи фуқароларга ноқулайлик туғдиради. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни банд қилиш масаласида янги ёндашувлар етарли даражада жорий қилинмагани, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги аутсорсинг (озиқ-овқат ва тозалик хизмати) тизими самарасиз ишлаётгани аниқланган.
Яна бир депутатимиз И.Наризова Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Қоровултепа” маҳалласида бўлиб “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашув давомида депутатлар ва партия фаоллари маҳалла ҳудудида жойлашган бир қатор ижтимоий соҳа объектларида ўрганиш ишларини олиб борди. Жумладан, 19 ва 25-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини ўрганилди.
Мактабларда иситиш тизимлари, ўқув хоналари ҳолати, ўқувчиларга яратилган шароитлар, дарслик ва ўқув қуроллари билан таъминланганлик даражаси кўздан кечирилди.
Шу билан бир қаторда, маҳалладаги оилавий поликлиникада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, беморлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам ўрганилди. Депутат тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашиб, дори воситалари таъминоти, санитария ҳолати ва аҳолининг мурожаатлари бўйича фикр алмашдилар.
Ўрганиш давомида маҳалла еттилиги, хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, ҳудуддаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар депутатимиз томонидан қайд этилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режа қилинди.