“Саҳродаги Лувр”га маданий саёҳат ташкил этилди

 

Партиямиз Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейига ногиронлиги бўлган шахслар учун маданий саёҳат ташкил этилди.

Лойиҳанинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилиш ҳамда муносиб ва тенг ҳуқуқли шарт-шароит яратишдан иборат.

Мулоқотда сўзга чиққанлар партия ташаббуслари ҳақида тўхталиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилаётган имкониятлар нафақат уларнинг ҳаёт сифатини ошириш, балки жамиятда тенг ҳуқуқли муҳитни шакллантиришга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Саёҳат давомида иштирокчиларга “И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи тарихи”га бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильм орқали улар музей фаолияти тарихи ва мамлакат маданий ҳаётидаги ўрни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Шунингдек, иштирокчилар “Савицкий дунёси” номли кўргазма билан танишдилар. Кўргазмада намойиш этилган экспонатлар ва бадиий асарлар иштирокчилар учун эстетик завқ ҳамда маънавий руҳланиш манбаи бўлди.

Бундай ижтимоий лойиҳалар жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва бирдамлик ғояларини мустаҳкамлаш, шу билан бирга фуқароларнинг маданий ҳаётда тенг иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш