Тошкент вилоят Кенгашидаги депутатимиз М.Низомиддинов Паркент тумани Номданак қишлоғидаги 22-умумий ўрта таълим мактабини ҳудудий инвестиция дастурига киритишни сўраб Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Б.Бурхоновга депутат сўрови юборди.
Маълум қилинишича, мактаб 1929 йилда ташкил этилган. 1988 йилда айрим бинолари бузилиб, ўрнига 624 ўринли янги бино қурилган ва фойдаланишга топширилган. Шу ўтган йиллар давомида мактаб фақат жорий таъмирлаб келинган. Сўнги маротаба 2006 йилдаги қисман таъмирдан кейин, бугунга қадар мактабда катта ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.
Бугунги кунда мактабда ўқув биноларининг том қисми, эшик ва дераза ромлари таъмирталаб ҳолатда, яъни куз-қиш мавсуми учун яроқсиз. Бинонинг фасад қисми, иситиш ва ёритиш тизимлари талабга жавоб бермайди. Синфхоналарда жиҳозлар эскирган ва янги ўқув биносига эҳтиёж бор.
Сўровга келган жавоб хатида мутасаддилар мактабнинг мавжуд биноларини таъмирлаш ва қўшимча ўқув биносини қуриш ишларини келгуси йиллар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига таклиф киритилишини маълум қилган.