Янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш якунлари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди

 

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий фаолликни кучайтириш йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Белгиланган вазифалар ҳудудларда қанчалик самарали бажариляпти, ўзгаришлар аҳоли турмушида акс этаяптими, деган саволлар ҳар доим муҳим.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ижро ҳолати бўйича ишчи гуруҳ тузиб, республикамизнинг барча ҳудудларида ўрганишлар, мақсадли мониторинг ишларини олиб бормоқда. Ўрганилган маълумотлар, гувоҳ бўлинган муаммоли ҳолатлар мутасадди ва мутахассислар иштирокида доимий таҳлил этилмоқда.

Партия Марказий Кенгашида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш ва мониторинг якунлари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Унда Фарғона, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида ўтказилган ўрганишлар натижалари, аниқланган муаммо ва камчиликлар ҳақида мутасадди идоралар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, мазкур ҳудудларда аҳолини камбағалликдан чиқариш, янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва касбга тайёрлаш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилган. Жумладан, Фарғона вилоятида 307 340 нафар аҳоли бандлиги таъминланиши кўзда тутилган бўлса, бугунги кунга келиб, 392 311 нафар аҳоли банд қилинган. Сурхондарё вилоятида 256 675 аҳоли бандлиги таъминланиши режа қилинган, амалда 312 199 нафар аҳоли ишли бўлган. Сирдарё вилоятида эса бандлик режаси 110 фоизга бажарилгани кўрсатилган.

Ҳисоботларда келтирилган рақам ва маълумотлар реал ҳаётга қанчалик тўғри келаяпти, қандай масалалар ечимини кутяпти, қанақа янги таклифлар бор, деган саволлар жамоатчилик эшитувида асосий эътибор марказида бўлди.

Йиғилишда бандлик дастурлари тасдиқланиб, ижроси бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани Халқ демократик партиясининг устувор дастурий мақсадларига мос келиши қайд этилди.

Лекин, шу билан бирга, аҳоли вакиллари ва масъул идоралар билан ўтказилган мулоқотларда айрим муаммо ва камчиликлар ҳам аниқлангани айтиб ўтилди.

Хусусан, ҳудудлардаги маҳаллий ва хорижий иш берувчиларнинг талаби шакллантирилмагани, яъни касбга ўқитиш марказларида иш берувчи таклиф қилаётган иш ўринларига мос мутахассислар тайёрланмаётгани таъкидланди.

Бунга ечим сифатида касбларга бўлган эҳтиёжни аниқлашда тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижалари билан доимий таништиришни йўлга қўйиш таклиф қилинди. Тадқиқотлар ва таҳлилларга амал қилган ҳолда ички ва ташқи меҳнат бозори талабига мос касбларга ўқитиш орқали кераксиз касбларга ўқитиш учун кетадиган маблағ ва вақтни тежаш имкони бўлади.

Чекка ҳудудларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларини маҳаллий аҳолининг реал шароити, иқтисодий имкониятлари ва меҳнат бозоридаги талабидан келиб чиқиб ташкил этиш кераклиги, ҳозирда меҳнат ярмаркалари барча тоифадаги аҳолини қамраб ололмаётгани таъкидланиб, мослаштирилган, мақсадли йўналтирилган ярмаркаларни кўпайтириш таклиф этилди.

Шунингдек, мулоқотда партия фаоллари кам даромадли аҳолини қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратишди. Маҳалла ва бошқа мутасадди тузилмалар томонидан камбағал оилага бир марталик ёрдам кўрсатилиб, кейин камбағаллик реестридан чиқарилиб юборилиши ҳолатлари кузатилаётгани асосий мақсадга тўғри келмаслиги қайд этилди.

Қолаверса, йиғилишда фаолияти тугатилган тадбиркорлик субъектларида ишлаган ходимларни янги ишга қабул қилишдаги қийинчиликлар ҳақида гапирилди. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида иш фаолияти тугатилган тадбиркорлик субъектлари ходимларини белгиланган тартибда ишдан бўшатмаганлиги кўрсатилди. Шунинг учун фаолияти тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари бошқа чора бўлмаса, олдин барча ходимларни ишдан бўшатиб, кейин фаолиятини тугатиш кераклиги таъкидланди. Шунда янги иш жойларига жойлашишда муаммолар юзага келмайди.

Эшитувда кўтарилган масалалар, билдирилган фикрлар асосида мутасадди ташкилотларга тегишли таклифлар юборилиши қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари ўрганишлар давом этишини, бошқа ҳудудлар бўйича ҳам жамоатчилик эшитувини ташкил қилинишини билдирди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш