Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда партия масъуллари Андижон ва Тошкент вилоятларида аҳоли, соҳа мутахассислари ва ёшлар билан турли йўналишларда учрашувлар ўтказдилар. Мулоқотларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти тушунтирилди, мавжуд муаммолар ва таклифлар ўрганилди.
Ангрен шаҳрида фракция аъзоси Қизилгул Қосимова, шаҳар Кенгаши раиси Феруза Абдураҳимова ҳамда депутатлар Мурод Холматов ва Эсонали Карабаевлар иштирокида “Мирзо Улуғбек” маҳалласининг 43-мактабида ўқувчи ва педагоглар билан мулоқот ўтказилди. Унда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар сиёсати ва унинг устувор йўналишлари ҳақида фикр юритилди. Шунингдек, таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар ва муаммолар ўрганилди.
Шунингдек, депутат Қизилгул Қосимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Янгиобод” санаторийси ва 3-Оилавий поликлиникада тиббиёт ходимлари билан учрашди. Учрашувда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, соҳада шаффофлик ва ҳалолликни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Андижон вилоятида эса депутат Анваржон Нурматов ҳамда партия масъуллари Бўстон туман тиббиёт техникумида талабалар ва ўқитувчилар билан учрашдилар. Мулоқотда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури, партиянинг ижтимоий ҳимоя йўналишидаги ташаббуслари, коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашув якунида 10 нафар ёш партия сафига қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Шу билан бирга, Бўстон туман марказий поликлиникасида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ва янги электрон база — ДМЕТ тизими фаолияти муҳокама этилди. Тиббиёт ходимлари тизимдаги қулайликлар ва айни пайтдаги қийинчиликлар ҳақида ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Ўтказилган учрашувлар халқ вакилларининг аҳоли ичига бориб, муаммоларни ўрганиш, фуқароларнинг таклифларини эшитиш ва уларни ечимини топишга қаратилган самарали мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.