
Шу кунларда халқаро ҳамжамиятнинг диққат эътибори инсоният тарихидаги энг йирик ва кенг қамровли халқаро ташкилот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80-сессиясига қаратилган.
Таъкидлаш керакки, халқаро майдонда юз бераётган муросасиз сиёсий тарангликлар, ўткир иқтисодий инқирозлар, кучайиб бораётган технологик ва ижтимоий тенгсизликлар фонида халқаро ташкилотларнинг глобал миқёсдаги нуфузини ошириш долзарб масала. Шундай мураккаб глобал муҳитда давлатларнинг бир-бирига ишончини мустаҳкамлаш, халқаро меъёрларнинг устуворлигини таъминлашда БМТнинг мавқеини ошириш давр талабига айланди.
Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридаги нутқида шу жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари ташкилотни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолашини, “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва Ўзбекистон Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.
Шунингдек, Президент БМТ сессиясида Ўзбекистоннинг устувор мақсадларига дунё эътиборини қаратди. Жумладан, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш устувор вазифа экани таъкидланди.
Бу Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг ортга қайтмас эканлигини, асосий мақсад фуқароларимиз учун фаровон ҳаётни таъминлашдан иборатлигини халқаро ҳамжамиятга баралла айтишдир. Шуни ҳам қайд этиш керакки, юртимиздаги ислоҳотларни халқаро ҳамжамият, нуфузли ташкилотлар ҳам тан олиб, эътироф этмоқда.
Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда юртимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизга қисқарганини маълум қилди.
Бундан бир неча йиллар олдин камбағаллик тан олинмаган, лекин энг оғриқли масала эди. Лекин кейинги йилларда амалга оширилган кенг қамровли, тизимли ислоҳотлар юртимизда камбағаллар сони кескин камайишига, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги кўтарилишига муҳим замин яратди.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратайлик, бир одам камбағалликдан чиқиши, тўкис ҳаётга қадам қўйиши унинг иш билан таъминланганлиги, муносиб меҳнат шароитининг яратилганлиги, ижтимоий ҳимояси давлат томонидан кафолатланганлиги каби кўплаб омилларга боғлиқ.
Нутқда келтирилганидек, мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани Ўзбекистоннинг бу йўналишда реал ва муҳим натижаларга эришаётганини кўрсатади. Таълим сифати ошган, фуқаролари касб-ҳунарли бўлган мамлакатда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш ишлари самара беради.
Ўқитувчи ва устознинг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қаралмоқда. Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф этилди. Ушбу ташаббус Ўзбекистонни илм ва маърифатга интилувчи мамлакат сифатида яна бир бор дунёга намоён этди, десак муболаға бўлмайди.
Нутқда яна бир ҳаётий масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Яъни, Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олган мажбуриятларига содиқ экани билдирилди. Бу қандай мақсадлар экани ҳақида барчамиз яна бир фикрлаб, хулоса қилиб олишимиз лозим.
Камбағалликнинг барча шаклларига барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигининг ривожланишига кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш, барчани қамраб олувчи, тенг ҳуқуқли ҳамда сифатли таълимни кафолатлаш каби йўналишлар Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосини ташкил этади.
Энди ўйлаб кўрайлик, юртимизда мана шу йўналишларнинг ҳар бири бўйича стратегик дастур ва режалар белгиланиб, уларни рўёбга чиқариш учун улкан ресурс ва саъй-ҳаракатлар йўналтирилмоқда.
Халқ демократик партиясининг энг муҳим дастурий мақсадлари ҳам одамларга барқарор даромад манбаи яратиш, барчанинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадлар билан ҳамоҳангдир.
Давлат раҳбарининг АҚШга тарихий ташрифи давомида жуда кенг қамровли учрашув ва мулоқотлар ўтказилди, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим бўлган келишувларга ҳам эришилди. Буларнинг барчаси халқимиз манфаатларига, юртимиз истиқболига хизмат қилади.
Эътиборлиси, маълумотларга қараганда АҚШ билан товар айирбошлаш кейинги йилларда 4 баробарга ошган. АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси Ўзбекистонга сармоя киритган. Албатта, бу катта ўсишдир. Эътиборлиси, бу минг-минглаб янги иш ўринлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кенгайиб бораётгани ва бу жараён изчил давом этишини англатади. Ҳар бир иш ўрни аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кенгайишига хизмат қилади.
Таҳлилчилар яқин келажакда Ўзбекистон — АҚШ иқтисодий-сиёсий муносабатларида катта ўсиш кузатилишини айтмоқда. Бунга давлат раҳбарининг Қўшма Штатларга сафари давомида кўплаб йўналишларда умумий қиймати 100 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилганини яққол мисол қилиш мумкин.
Халқаро бозорларда барқарор мавқега эга, жаҳон иқтисодиётида мустаҳкам ўрнига эга давлат билан ҳам иқтисодий, сиёсий жиҳатдан мунтазам алоқалар ўрнатиш Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасида ўрни, таъсири ва аҳамияти ошиб бораётганини англатади.
АҚШ Президенти ва ушбу мамлакат расмийлари Ўзбекистон делегациясига алоҳида эътибор ва ҳурмат кўрсатганини ҳам экспертлар қайд этишди.
Мамлакатимиз тараққиёт, тинчлик ва дўстлик учун дунёдаги энг ишончли ҳамкорлардан бири экани Марказий Осиёда юзага келган бугунги биродарлик муҳити мисолида ҳам яққол акс этмоқда. Минтақамизнинг мураккаб муносабатлардан стратегик ҳамкорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик кенг қулоч ёйган маконга айланишида Ўзбекистон етакчисининг, халқимизга хос бағрикенглик дипломатиясининг аҳамияти албатта беқиёсдир.
Нутқда 2030 йилга бориб Ўзбекистон “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ният қилгани билдирилди. Айтиш мумкинки, шундай маррага етиш йўлидаги ислоҳотлар халқимиз томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланяпти, ҳар бир юртдошимиз ўзгариш ва янгиланишларнинг бевосита иштирокчиси бўлишга интилмоқда.
Шу маънода Ватанимиз халқ ва давлатнинг бирдамлиги, тинчлик ва фаровонликка биргаликда интилиши бўйича дунёга ўзига хос намуна кўрсатмоқда.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.