
Наманган шаҳрида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокида “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми ўтмоқда.
Ушбу форум нафақат Ўзбекистон учун, балки минтақавий ҳамда халқаро миқёсдаги ижтимоий-иқтисодий, инсонпарварлик ва ташқи ҳамкорлик жиҳатидан катта аҳамият касб этади.
Президентимиз инсоният оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта кескин ва мураккаб даврни бошидан кечираётганини қайд этди. Дунёда геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик тобора ортиб бормоқда. Ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва пандемиялар туфайли оғир ва машаққатли синовлар пайдо бўлмоқда.
2015 йилдан буён глобал иқтисодий ўсиш суръати ўртача 3 фоизни ташкил этиб, олдинги ўн йилликка нисбатан секинлашди. Оқибатда, агар беш йил олдин дунёда 650 миллион аҳоли камбағалликда яшаган бўлса, бугун уларнинг сони 800 миллиондан ошди.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича халқаро ташкилотлар ва нуфузли молия институтлари билан фаол ишланмоқда. Бу борада Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтириш бўйича 5 миллиард долларлик лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Форумда аҳоли, айниқса, кам таъминланган оилалар ва қишлоқ жойларда яшовчиларнинг ҳаётини яхшилаш, уларга тенг имкониятлар яратиш каби жараёнларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон ҳуқуқлари, тиббий ва ижтимоий хизматларга ҳар бир шахснинг тенг етишиши муҳим масалалардан биридир.
Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсати халқаро миқёсда эътироф қилиниши, донор ва халқаро ташкилотлар билан инвестициялар ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имконияти йилдан йилга ортиб бормоқда.
Инфратузилма, транспорт ва рақамли ечимларнинг аҳамиятини янада ошириш, масофадан таълим, интернет алоқаси каби хизматлар кам таъминланган аҳолига жуда муҳим.
Ҳудудий фарқни инобатга олиш, шаҳар ва қишлоқ, тоғ-тошли ҳудудларда яшовчи аҳоли шароити бир хил эмас, шунинг учун маҳаллий хусусиятлар асосида лойиҳаларни мослаштириш зарур.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” форуми — бу биргаликда ҳал этиладиган вазифаларнинг анча кенг ҳажмда қабул қилиниши ва амалга оширилиши учун муҳим платформа. Аммо муҳими — форумда белгиланган ғоялар ва қарорлар фақат сўзда қолмаслиги, реал ҳаётда халқ турмушига таъсир қилиши зарур.
Шокиржон АҲМЕДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.