Давлат дастурининг ижтимоий натижалари кўриб чиқилди

 

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳамда қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ҳисоботда келтирилишича, ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоиздан ошган. Бунда саноатда 6,6 фоиз, хизматларда 8,2 фоиз, қурилишда 10,7 фоиз ва қишлоқ хўжалигида 4 фоиз ўсиш кузатилган. Йиллик инфляция даражаси 8,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмга етиб, 27,8 фоизга кўпайган. Бюджет харажатлари 13,1 фоизга кўпайиб, 173,3 трлн сўмни ташкил қилган. Шундан ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 86,2 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоизга ортган.

Депутатлар ҳисобот доирасида партиямиз электорати манфаатларига хизмат қиладиган натижаларга алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, “Ёшлар дафтари” орқали 36797 нафар ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 121,8 млрд сўм йўналтирилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 18895 нафар талабаларга таълимни давом эттириши учун 50,3 млрд сўм контракт пуллари тўлаб берилган.

Адлия вазири ўринбосари Ш.Рабиев ҳисоботни ўқиб эшиттиргач, савол-жавоблар бошланди. Фракциямиз аъзоси Дилбар Мамажонова ҳисобот даврида 161 минг нафар йигит-қиз иш билан таъминлангани, бу бугунги кундаги 1 миллиондан ортиқ ишсиз ёшларнинг 20 фоизига ҳам етмаслигини таъкидлаб, қолган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўради.

Масъуллар дастурда белгиланган вазифа бўйича ҳудудлар кесимида алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилган режалар асосида ишлар олиб борилаётгани, йил якунигача 269 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланишини айтишди.

Депутатимиз Шокиржон Аҳмедов ҳисоботда келтирилган қиймати 2,5 млрд долларлик 30 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани, бунда битта иш ўрни яратишга тахминан 850 минг АҚШ доллари сарфлангани, “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида эса 3698 та лойиҳага 449,6 млрд сўм узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида 7 869 та янги иш ўрни яратилгани, бунда битта иш ўрни тахминан 57 миллион сўмга очилаётганини баён қилди. Лойиҳаларда битта иш ўрнига тўғри келаётган маблағлар ўртасида тафовут нима учун бу қадар катталиги ҳақида савол берди.

Масъуллар саволга жавоб бериш учун вақт сўрашди. Улар бу лойиҳалар бўйича маълумотларни тўплаб, битта иш ўрни яратишга қанча маблағ тўғри келаётгани ҳақида батафсил ахборот беришини айтишди.

Фракциямиз аъзолари бандликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, ҳудудларни ҳар томонлама комлекс ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни манзилли амалга ошириш борасидаги ютуқ ва натижаларни эътироф этишди.

Савол-жавоб, фикр-мулоҳазалар узоқ давом этди. Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисобот янгича ёндашувда тайёрлангани, бу ҳаммага қулайлик яратгани қайд этилиши билан бирга, маълумотлар тўлиқ эмаслиги борасида камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Депутатлар берган саволларининг барчасига ҳам қониқарли жавоб олишмаганини билдиришди. Масъуллар ҳар бир саволга жавобан тўлиқ ва атрофлича, аниқ фактларга таянган маълумотлар тақдим этишини айтишди.

Депутатлар ҳукумат ҳисоботини қабул қилиш ҳақидаги қарорни маъқуллашди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш