
Навоий вилоят Хатирчи тумани “Қўрғонча” маҳалласидаги “Тахтакўприк” ва “Сайдон” қишлоқларидан ўтган 4Р-231 (Д-210) йўлининг 4-8 километрлари оралиғидаги 2700 метр йўлга асфальт қопламалари ётқизилмаганлиги ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Бахтиёр Тошев ҳудудга бориб, ўрганганида маълум бўлишича 4Р-231 (Д-210) йўлининг 4-8 километрлари оралиғидаги 2700 метр йўл бундан икки йил аввал бузилган лекин ҳамон таъмирланмаган.
Депутатимиз йўлни асфальтлаштириш қачонга режалаштирилгани ва бу бўйича асослантирилган тушунтириш сўраб Навоий вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Пирназаровга сўров юборди.
Сўровга “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ 10 кун ичида жавоб юборилиши лозим.
Биз сўровга келган жавоб хатини ҳам, албатта, эътиборингизга ҳавола қиламиз.